Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи воситалар савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Ф.Д.нинг “Жинговуз” МФЙ ҳудудидаги хонадони кўздан кечирилганда, 1 065 дона кучли таъсир қилувчи воситаларни ўтказиш мақсадида сақлаб келганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Кўкдала тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “A.G.” хусусий корхонаси раҳбари А.Н. ва сотувчиси Ж.Н.лар ўзаро тил бириктириб, “Кўкдала” МФЙ ҳудудидаги дорихонасида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотишга рухсатномаси бўлмаса-да, 160 дона “Бензонал” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланиб, дорихонадан 730 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Олмазор тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро М.З. 27 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланиб, ундан яна 467 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Яна бир ҳолат, фуқаролар Ф.М., Б.Т., А.Х. ва И.Т. (муқаддам судланган) 7 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.