Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиариқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар Б.Б. ва М.А. 50 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро С.Р.га сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Шу каби, Департаментининг Гулистон шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар У.С. А.Г. ва А.К. 46 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқарога сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.А.нинг бошқарувидаги “Оникс” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, автотранспорт воситаси салонида 930 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган воситаларни ўтказиш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.