Кеча бир гуруҳ журналистлар Янгиҳаёт туманининг Ал-Фарғоний ва “Чароғон” маҳаллаларида бўлди. Ташкил этилган медиа-тур аввалида  журналистлар Ал-Фарғоний маҳалласида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Маълумот берилишича, мазкур маҳалла ҳудудида охирги бир ой давомида 5 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми янгиланиб, 2 та том жорий таъмирланди. Ички кўчаларнинг 983 метр квадрат қисмига асфалт, 2100 метр квадрат қисмига бетон ётқизилди. Маҳалла болалари учун 3 та болалар майдончаси ва футбол майдончаси қурилиб, 1 та “Street workout” ўрнатилди. Айни пайтда воллейбол ва баскетбол майдонлари қурилиш жараёнида.

Атрофни кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1000 га яқин манзарали дарахтлар ўтқазилиб, аҳоли дам олиши учун 3 та айвонча, 12 та ўриндиқ ўрнатиляпти. Мазкур ишларни амалга оширишда шу кунга қадар 300 га яқин ишчи, 20 дан ортиқ техника жалб этилган.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, туман ҳокими ташаббуси билан ҳудудда “Ёшлар боғи” сайилгоҳи ҳам ташкил этилмоқда. Айни пайтда боғ Ал-Фарғоний, “Чароғон” ва “Янги Турмуш” маҳаллаларида бунёд этиляпти. Йил сўнгига қадар 10 дан ортиқ шундай “Ёшлар боғи” сайилгоҳлари очилиб, аҳоли, хусусан, ёшларнинг дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишларига хизмат қилиши кўзланган.

— Авваллари ташландиқ ва қаровсиз жой бўлган “Чароғон” маҳалласи бугун буткул ўзгача қиёфа акс этмоқда, — дейди Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Нигина Ҳакимова. — Ушбу сайилгоҳдан 2 та болалар майдончаси ва 1 та “Street workout” ўрин олган. Боғга 17 та ёритгич, 17 та ўриндиқлар ўрнатилди. Аҳолининг сайр қилиши учун 1500 метр квадрат жойга бетон ётқизилди. Экилаётган 1200 та арчалар ва манзарали гуллар атрофга янада чирой бағишламоқда.

Сайилгоҳда шунингдек, болалар учун қўшимча атракционлар ўрнатиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобхонликка жалб этиш мақсадида кутубхона қуриш ҳам режалаштирилган.

Ирода ТОШМАТОВА

“Янги Ўзбекистон” мухбири