Халқимизнинг миллий қадриятларидан бўлган кураш миллий спорт тури Ўзбекистон довруғини бутун жаҳонга танитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, мустақиллик йилларида курашни янада ривожлантириш ва унинг нуфузуни ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўз навбатида Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматнинг қатор фармон ва қарорлари курашнинг жаҳон ареналарида чиқишида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ҳам мазкур вазифаларни янада жадаллаштириш учун навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ҳужжатда курашнинг тобора оммалашиб бораётгани нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилиш, мавжуд инфратузилма ва моддий-техник базани модернизация қилиш, спорт инвентарлари ва кийимлари таъминотини яхшилаш, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтириш бўйича вазифалар тасдиқланди.
Шунингдек, буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Президент қарорига мувофиқ, 2021 йилдан ҳар икки йилда бир марта кураш бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро мусобақа ўтказилиши белгиланди.
Хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирлар, 2020 йилдан эътиборан ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади.
Жойларда 2021–2025 йилларда кураш маҳорат мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади.
Малакали мураббийлар ва олимпия резервларини тайёрлаш мақсадида Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида Халқаро кураш институти фаолияти йўлга қўйилади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб-интернатлари, ихтисослашлаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида кураш бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки баробарга оширилади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳамда бошқа жисмоний маданият йўналишлари мавжуд олий таълим муассасаларида кураш бўйича мутахассислик очилади.
2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, мактаб-интернатлари ва спорт мактабларида кураш бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.
Кураш билан шуғулладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирокида «Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур» шиори остида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳлари ташкил этилади. Ушбу ҳаракат ёшларни курашга жалб этиш, соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Қарордаги энг муҳим жиҳатлардан бири - бу кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдиқланишидир. Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепциясини 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Концепцияда, ўзбек халқининг азалий орзуларидан бири — Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришга эришиш бўйича вазифалар ўрин олиши тасдиқланди.
Концепцияда 2028 йилда курашнинг Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш кўзда тутилган.
Концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» мақсад ва вазифаларини ҳаётгна тадбиқ этиш ва молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида Кураш миллий спорт турини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, Халқаро кураш ассоциациясининг 2022 йилга қадар Халқаро «GAISF—Global Association of International Sports Federations» ташкилотига аъзолигига кириш вазифалари таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг курашни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ўз ичига олган мазкур қарори ўзбек миллий спорти брендини янги чўққиларни забт этишига замин ҳозирлайди.