Куни кеча Божхона институти томонидан Абдулла Қодирий ҳайкали атрофида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам профессор-ўқитувчилар, талабалар, маданият ходимлари, шоир-ёзувчилар иштирок этиб, адиб хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Наргис ҚУДРИДДИНОВА,

Божхона институти катта ўқитувчиси:

 — Улкан истеъдод соҳиби Абдулла Қодирий халқ учун илм-маърифат ҳаводек зарур бўлган, юрт тепасида жоҳил шахслар ҳукмронлик қилаётган бир замонда яшаб ўтди. У яратган қаҳрамонлари орқали халқни ўтган кунлардан сабоқ олишга, ўз орамиздаги меҳробдан чиқаётган чаёнлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Миллатнинг ҳар бир хонадонига Отабек, Кумуш, Анвар, Раънолар қиёфасида кириб борди. Улар тақдири орқали халқни ўйлатди, йиғлатди, юпатди. Ҳаёти тазийқ, хавф-хатарлар остида қолса ҳам миллати учун ёзишдан тўхтамади. У ўз миллатини маърифатга чақиради. Маърифатпарвар шоир, адиб сифатида майдонга чиқади.

Буюк адиб “Аҳволимиз” шеърида халқ ва юрт тақдирини кўзлаб, қуйидагича ёзган:

Кўр бизнинг аҳволимиз ғафлатда қандай ётамиз,

Жойи келган жойида виждонни пулга сотамиз.

Коримиз шундан иборат бўлди ушбу чоғда,

Ўнтадан бедона боқиб, ёзу қиш сайр отамиз.

Келинглар, ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,

Ухлаганларни агар қодир эсак уйғотамиз.

Абдулла Қодирий ўзининг асарларини ўзбек адабий тили замонавий кўринишда шаклланаётган бир даврда ёзди. Адиб бор маҳорати билан ўзбек адабий тилининг бойлигини, кенг имкониятларини намоён этган. У ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар, деган фикрни бежизга айтмаган. Чунки адибимиз ўзбек тилининг бой имкониятларини ўзининг асарлари билан исботлади. Адибнинг асарлари мустақиллик йилларида қайтадан илмий, бадиий жиҳатдан ўрганила бошланди. Асарлари минглаб нусхада дунё юзини кўрди. Унинг меҳнатларини халқимиз унутмади. У биринчилардан бўлиб мустақиллик орденига лойиқ кўрилган.

Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг ижодий бой меросидан баҳраманд бўлиш доимо давом этадиган, ўтмишга айланмайдиган адабий ва абадий қадриятлар сирасига киради.

Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимизга қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш, маданий меросини ўрганишга бағишланган “Адибимиз — фахримиз” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказди. Ҳар ҳафта шундай тадбирлар ўтказилади. Тадбирга санъаткорлар келиши, адабий чиқишлари болларнинг адабиётга қизиқишини оширяпти. Бу ердаги тадбирларга келиб, адибларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиб, уларнинг фаолиятини ўрганаётган ёшлар кўпайяпти.

        

Умарали КЕНЖАЕВ,

Божхона институти курсанти:

 

Қодирийни эслаб

Эҳ, содда ўзбекнинг танти ўғлони,

Наҳотки номардлар номингни сотди.

Англамай қалбингдан чиққан нидони,

Сендайин даҳони зулматга отди.

 

Юртингга муҳаббат эдими айбинг,

Ростгўйлик бошингга бало бўлдими?

Ватан, дея урган эрк тўла қалбинг,

Шу номард кимсалар сабаб сўлдими?

 

Дўстингмиди улар сўзинг маъқуллаб,

Кўкка кўтариб, сўнг ерга урганлар.

Ёки шогирдмиди номингни пуллаб,

Номингга бўхтонлар тақаб юрганлар.

 

Ахир улар эди халқнинг асл душмани,

Меҳробдан чаёндек пайт кутган жосус.

Эл дардин бўзлаган сендек булбулни

Биз асрай билмадик энди минг афсус.

 

Ғафлатда ётган бу миллатни ўйлаб,

Сарф этдингку бор куч, бор меҳнатингни.

Бирлашмоқ тиладинг ўтмишга қайтиб,

Юсуфбек Ҳожи бўлиб айтдинг дардингни.

 

Бугун... бугун ўзинг кўргин бобожон,

Кўкка бўй чўзганини эккан ниҳолинг.

Капалаклар кезиб, тинмас миттижон,

Анвойи ҳидларга тўлган гулзоринг.

 

Шукурким, ойнинг ҳам ўн беши ёруғ,

Келармиди йўқдан озодлик бизга.

Қодирийсиз миллат миллат эмасдир

Доим таъзимдамиз бобожон сизга.