3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни бутун дунёда кенг нишонланади. Фақат шу кунигина эмас, балки доимий равишда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган инсонлар холидан хабар олиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Меҳр-мурувват кўрсатиш ишлари, хайрия тадбирлари Беруний туманида ҳам давом этмоқда.

Тумандаги 72 та умумтаълим мактабларининг уйда таълим олувчи, имконияти чекланган 116 нафар ўқувчиларига доимий равишда ўқув қуроллари, мавсум давомида кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.

Байрам арафасида Навоий ОФЙ маданият маркази кутубхонасига 200 номдаги бадиий адабиётлар совға қилинди ҳамда исми “Аёллар дафтари”га киритилган, 2-гуруҳ ногирони Матлуба Бекимбетовага кутубхона очиш ва китоблари сонини кўпайтиришга яқиндан ёрдам кўрсатилди.

Шинам, тоза ва озода китоб мутолааси учун жиҳозланган кутубхона инсон руҳиятини янада енгиллаштиради. Матлуба Бекимбетова китобларнинг сирли дунёсини жуда яхши кўради. Инсон ўз ички туйғуларини сўз билан тўлиқ етказиб бериши қийин, аммо ўқиган китоблари тилида талқин қилиши, ўйлаши ҳамда китоб дунёси билан яшаш ўзгача. Буни бугундан бошлаб кутубхоначи лавозимида иш бошлаган Матлубахон тимсолида яққол кўра оламиз. Қувонч кўз ёшларини яшира олмаган қизимиз ташкилотчиларга ўзининг чексиз миннатдорчилигини билдирди.

Худди шундай тадбирлар Қўнғирот туманида ҳам мунтазам ташкил этилиб, айни пайтда меҳр-мурувват ойлиги ўтказилмоқда. Тумандаги “Саноат” маҳалласидан 104 ёшдаги Бария Заляева, “Озодлик” маҳалласидан Майрамбай Раев ва “Турон” маҳалласидан Бахитгул Заменовалар ҳолидан хабар олинди. Уларга ногиронлик аравачалари билан озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон муҳбири