Тадбирда қайд этилишича, юртимизда 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига энергетика соҳасини тайёрлаш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларини аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларига барқарор етказиб бериш тизими жорий этилган. Ушбу тизим доирасида Энергетика вазирлигининг марказий ва ҳудудий штаблари фаолият юритмоқда. Марказий штаб томонидан жорий йилнинг октябрига қадар тасдиқланган режа-жадвалларга асосан ҳар бир ҳудудга чиққан ҳолда жорий этилган тизим бўйича амалга оширалаётган ишлар ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди.

Шунингдек, келаётган куз-қиш мавсумига энергетика объектларини сифатли тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилди. Электр энергияси таъминоти бўйича жорий йилнинг октябрь ойидан 2021 йил март ойига қадар республиканинг жами эҳтиёжи 40 млрд. 816 млн. кВатт соатни ташкил этиши кўзда тутилган. Электр энергияни аҳолига беталофат етказиш мақсадида электр узатиш тармоқларида 400 дан ортиқ трансформатор, 600 тонна трансформатор мойи, 100 тонна сим захираси ҳамда 450 та авария-тиклаш бригадалари ташкил қилинган.

Истеъмолчиларни кўмир билан таъминлаш масаласи ҳам эътиборда. Бу йўналишда умумий сиғими 362 минг тонна бўлган 91 та омбор хизмат қилаяпти. Улар 84 та электрон автотарози, 126 та махсус техникалар ва кунлик ишлаб чиқариш қуввати 4,4 минг тонна бўлган 86 та брикет ускуналари билан таъминланган. Йил якунига қадар республика истеъмолчиларига жами 6 млн. 995 минг тонна кўмир маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш режалаштирилган.

Жорий йил 1 ноябрига қадар 14 минг 311 та ижтимоий соҳа ташкилотларига 405 минг тонна ҳамда 1 декабрига қадар 2 млн. 700 мингта аҳоли хонадонларига 600 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилади. Айни кунга қадар аҳоли эҳтиёжлари учун 116,1 минг тонна ва ижтимоий соҳа ташкилотлари учун 254,3 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Бундан ташқари, аҳоли эҳтиёжлари учун 100 минг тонна импорт кўмир жорий йил 1 декабрга қадар етказилиши ҳамда 240 минг тонна импорт кўмир об-ҳавонинг ўзгариши ҳамда аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда етказиб берилиши режалаштирилган.

Табиий газ таъминоти соҳасида жорий йил 1 ноябрга қадар 74 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланиши, 44 километр реконструкция қилиниши, 605 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланиши, 80 334 таси техник тафтишдан ўтказилиши кўзда тутилган. 6 779 километр қувурлар босим остида синалиши ва тозаланиши ҳамда 5 289 километр ер ости қувурлари махсус приборлар ёрдамида текширилиши белгиланган.

Истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш бўйича ҳам  қўшимча чоралар белгиланган. Хусусан, аҳолига 386 минг тонна ёки режадан 80 минг тонна кўп суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Бунинг учун мавжуд қурилмаларда қўшимча 8 минг тонна ва янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 72 минг тонна ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш ва тўловлар жараёнини автоматлаштирилган тизими йил оҳиригача жорий этилади. Бунинг учун график асосида 3,5 млн. дона ID-карталар ва 4,5 млн. дона бар-кодли махсус ёрлиқлар харид қилинади.