Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи Ю.Семянова Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефони орқали мурожаат қилди, дея хабар бермоқда федерация ахборот хизмати.

Фуқаронинг айтишича, у Юнусобод тумани Амир Темур кўчаси, 110-уйда жойлашган “Samsung” сервис марказига телефонини таъмирлаш учун қолдириб, олдиндан 2 миллион 993 минг сўм тўлаган. Бироқ орадан анча вақт ўтганига қарамай, ҳануз телефон аппарати таъмирлаб берилмаган. Сабаби сўралганда, хизмат кўрсатувчи турли баҳоналарни рўкач қилган. Мурожаат ўрганилиши натижасида истеъмолчига тўлаган маблағи қайтариб олиб берилди.
Яна бир мурожаат Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи А.А. томонидан келган. Мурожаатда баён этилишича, истеъмолчи 2019 йил июнь ойида таъминотчи билан иссиқхона қурдириш учун шартнома тузган. Тадбиркор келишилганидек иссиқхонани қуриб берган, бироқ унинг устки қисмини плёнка билан ёпиб бермаган. Фуқаронинг қайта-қайта мурожаатига қарамай, турли баҳоналар билан ишни пайсалга солган.
Мазкур мурожаат федерациянинг Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани жамияти томонидан ўрганилди. Натижада иш шу йилнинг 2 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судида кўриб чиқилди ҳамда тадбиркордан истеъмолчи фойдасига 5 миллион 480 минг сўм ундириш бўйича суд ҳукми ўқилди.