Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Латвия пойтахти Ригада Латвиянинг “Outdoor Media” компанияси томонидан асос солинган “Ўзбекистон савдо уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Онлайн форматда ўтказилган тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Қ.Султонов, Латвия Инвестициялар ва тараққиёт агентлиги бошлиғи К.Роялнс ҳамда Латвиядаги Ўзбекистон савдо уйи асосчиси В.Галперин ва бошқалар иштирок этди.

Савдо уйида кўргазма залини яратиш назарда тутилган бўлиб, бу эрда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг товарлари намуналари, асосан, тўқимачилик, поябзал, чинни, мебел, тиббий буюмлар, қандолат маҳсулотлари, электротехника маҳсулотлари, қурилиш материаллари намойиш этилади.

Савдо уйининг умумий майдони 140 квадрат метр бўлиб, у 2021 йил 6 августда Латвия инвестициялар ва тараққиёт агентлиги томонидан рўйхатга олинган.

Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов табрик сўзида Латвия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг муҳим шерикларидан бири экани ва Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг кўп қиррали ривожланишини доимо қўллаб-қувватлаб келишини таъкидлади.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йил охирига келиб Латвия Ўзбекистоннинг ўзаро савдоси фаол ривожланаётган асосий 15 та мамлакатлари қаторига кирди (2020 йилда Латвия билан ташқи савдо айланмаси 367,7 миллион долларни, экспорт 35,5 миллион долларни ва импорт 332 миллион долларни ташкил этган).

Шу билан бирга, 2021 йил январ-июнь ойлари натижаларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 107,6 миллион долларни, экспорт 31,4 миллион долларни ва импорт 76,1 миллион долларни ташкил этди.

Шу жиҳатдан, ташкил этилган Савдо уйи ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Латвия бозорига чиқаришга кўмаклашиш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштиришга йўналтирилган.