Мустақил Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, олий таълимни халқаро мезонлар асосида юксалтириш йўлидаги амалий ишларни доимо ижобий баҳолайман. Таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг юқори салоҳиятига ишонаман. Шу боис ҳам Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби – ISMA университетининг илк филиалини айнан Ўзбекистонда ташкил этдик ва филиалимиз Фарғона вилоятида фаолият бошлаган илк халқаро олийгоҳ бўлди.
Уч йилдан буён фаолият олиб бораётган ISMA университетининг Фарғона шаҳридаги филиалида «Тадбиркорликни бошқариш», «Туризмда тадбиркорликни бошқариш», «Ахборот тизимлари» йўналишларида юқори малакали кадрлар халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрланади, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, халқаро тадбиркорлик асосларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Магистратура, докторантурада ўқиш имкониятлари ҳам Европа университетларидаги энг юқори кўрсаткичлар асосида тақдим этилади.
Филиалга 20 нафарга яқин латвиялик малакали профессорлар, шунингдек, юксак салоҳиятли маҳаллий педагоглар жалб этилган. Ҳозирда олийгоҳда республиканинг барча вилоятларидан 200 нафарга яқин талаба таҳсил оляпти. Ўзбекистондаги ислоҳотларга елкадошлик билан 10 нафар «Темир дафтар»га киритилган оила фарзандларига филиалда бепул таҳсил олиш имтиёзини жорий қилдик. Бундан ташқари, инглиз тилини ўзлаштирганлик тўғрисидаги IELTS сертификатга эга бўлган ёшлар 10 та грант ўрнида ўқиш имкониятига эга. Олийгоҳда ўтказиб келинаётган «ISMA BIF», «ISMA sareer center», «ISMA academic writing» сингари ўнлаб лойиҳалар мамлакатнинг иқтидорли ёшларини кашф этиш ва уларни Европанинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири – ISMA университетида ўқишга жалб этишга қаратилган.
Жорий йилнинг май ойида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашувда вилоятда халқаро олий таълим истиқболига ҳисса қўшишга йўналтирилган барча таклиф ва мулоҳазаларимиз қўллаб-қувватланганидан мамнун бўлдик. Филиалда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «SMA Fergana shou» ёшлар фестивали ўтказилиб, унинг шукуҳи барчамизга кўтаринкилик улашди.
Ўзбекистон халқи учун энг улуғ ва энг азиз байрамга ҳам саноқли кунлар қолди. Ушбу тарихий сана – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрами барча ўзбекистонликлар, хусусан, таълим тизими меҳнаткашлари ва мамлакат ёшларига муборак бўлсин.
Латвия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишига ва Латвиянинг ISMA университети Ўзбекистондаги олий таълим истиқболига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.
ISMA университети Президенти, академик Роман Дякон билан бу борада суҳбатни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.