Эътиборлиси, мазкур меморандум шу вақтгача кузатилмаган, ноаънанавий тарзда, ҳамкорлик шартномасининг масофадан туриб имзоланиши сифатида тарихда муҳрланиб қолади. Мазкур меморандумнинг вебинар орқали имзоланиши нафақат ўзимиз учун, балки қўшни минтақавий мамлакатлар учун ҳам ҳамкорлик ўрнатишнинг янгича кўринишидир. 

— Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси нотариусларни  бирлаштирувчи идора сифатида Литва нотариуслар Палатаси билан халқаро доирадаги меморандумнинг имзоланиши катта ҳодиса бўлиб, у, энг аввало, Палатамизнинг мустақил ташкилот сифатида хорижда тан олиниши деганидир. Бу эса келгусида ўзаро манфаатли ҳар қандай ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши, Палата фаолиятининг такомиллашиб бориши  учун замин яратади, — дейди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров. — Биринчидан, мамлакатлар палаталарига турли кўринишдаги халқаро тадбирларини ташкиллаштириш имкони беради. Бундай тадбирлар давомида эса томонлар, ўзаро тажриба алмашадилар, фикрлашадилар. Шунингдек, тадбир бўлмаган тақдирда ҳам, соҳада бизни қийнаётган айрим муаммолар бошқа мамлакатларда қандай ечим топаётганини, бу муаммоларни ечиш борасида улар тутган йўл қанчалик натижа берган ёки бермаганини ўрганиш, шунга кўра келгуси ишларни режалаштириш, қонун лойиҳаларига қўшимча ва ўзгартиришлар тавсия қилиш, жумладан, улар йўл қўйган хатоларни такрорламаслик маъносида ўзаро маслаҳатлашиб туриш мумкин бўлади. Умуман, ҳамкорликнинг бошланғич ҳужжати ҳисобланадиган меморандум келажакда аниқ мақсадларда шартномалар имзолашга асос яратади.

Қолаверса, нотариусларнинг бевосита фаолиятларида ҳам бундай ҳамкорликнинг фойдаси кўп. Масалан, келгусида ўзбек нотариусларининг тасдиқлаган ҳужжатлари хорижда ҳеч қандай эътирозларсиз қабул қилинишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси

Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари

Томонлар ушбу Меморандумга мувофиқ, ўзларининг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига, нотариусларнинг мустақиллиги принципига риоя қилган ҳолда қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар ва маълумот алмашадилар:

- нотариуслар фаолияти билан танишиш ва илғор тажрибалар алмашиш учун Томонлар делегациялари алмашинувини ташкил этиш;

- нотариуслар соҳасида ҳуқуқий маълумотлар, ҳужжатлар ва қонунчилик ҳужжатларини алмашиш ва уларни ўрганиб чиқиш

- касбий тайёргарлик, нотариал функцияларни ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик;

- касбни модернизация қилиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек мижозларга хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш;

- конференциялар, семинарлар, веб-семинарлар, консультациялар, учрашувлар ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

- AТ тизимларини такомиллаштириш.

Меморандум доирасидаги ҳамкорликда амалга оширилган ишлардан жамоатчиликнинг хабардорлигини янада оширишга ёрдамлашиш мақсадида ҳамкор томонлар веб-сайтларида кенг ёритиб боришга ҳам келишиб олинди. Бу  ўз ўрнида бошқа хорижий мамлакатлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси ҳақида хабар топиши ва келгусида бошқа мамлакатлар билан ҳам алоқа ўрнатишга замин яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси матбуот хизмати