Унинг ишонгани, суянгани, бу дунёда топган нодир дунёси Она Ер. Ана шу қутлуғ неъмат Лола опа сингари тупроқсевар инсонларга беҳисоб инъомлар билан бирга улуғлик мақомини ҳам беради.
Лола Муротова фермерлик соҳасида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратди. 2019 йил мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига кўра, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.
Фарғона шаҳрида жойлашган Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган Ўзбекистон Қаҳрамони, олтиариқлик машҳур фермер Лолахон Муротованинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов сўзга чиқиб, қаҳрамон онанинг фидокорона меҳнат фаолияти барчамиз учун ибрат намунаси эканлигини таъкидлади.
Тантанали тадбирда фильм қаҳрамони, сценарий муаллифи, Қўқон давлат педагогика институти доценти, филология фанлари номзоди Зебохон Қобилова, режиссёр Дониёр Шокиров ҳамда тасвирчи Саид Далилхон Саид Турғутхоновларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати