Тадбирдан кўзланган мақсад ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш учун майдон яратиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатдаги янгиланишларга фаол жалб қилиш бўлди.

Форумда Британиянинг Кембриж, Манчестер, Ланкастер, Йорк, Сассекс, Гринвич, Брунел, Англиа Раскин ва бошқа университетларида таълим олаётган 40 дан ортиқ ватандошлар иштирок этди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев мамлакатда ёшлар сиёсатига доир олиб борилаётган ислоҳотлар, мақсад ва вазифалар тўғрисида сўз юритди. Буюк Британияда таълим олаётган ватандошлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида уларнинг республика таълим тизими самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлари тингланди.

Тадбир доирасида Буюк Британияда таълим олган ҳамда «Stormpay» молия технология компанияси асосчиси, ватандошимиз Отабек Нуритдинов иштирокчилар учун мотивацион давра суҳбати ўтказди, улар билан ўз тажрибасини ўртоқлашди.

Тадбир давомида талабалар 6 жамоага бўлиниб «Мунозара» дебат беллашуви ҳамда «Заковат» интеллектуал ўйинида иштирок этди. Биринчи викторина доирасида, жамоаларга республика иқтисодиётининг маълум бир соҳасидаги мавжуд муаммони аниқлаш ва ечимини таклиф қилиш вазифаси топширилган бўлса, интеллектуал ўйин давомида жамоалар турли мавзуларга бағишлаб тайёрланган саволларга тўғри жавоб топишда беллашди.

Форумда иштирок этган барча ватандошлар республика раҳбарияти томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибордан ҳамда қизиқарли ва юқори даражада ташкил этилган тадбирдан хурсанд эканини таъкидлади. Келажакда мазкур турдаги тадбирларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.