1995 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан давлат тилини изчил жорий этиш жараёнини такомиллаштириш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига мукаммал ўтилишини таъминлаш белгилаб қўйилган эди. Айнан шу йили ўзбек тилининг асосий имло қоидалари яратилиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси амалиётга босқичма-босқич жорий этила бошланди.
Орадан 26 йил вақт ўтди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида таълим олишни бошлаган авлод бугун давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида, бошқарув органларида фаол меҳнат қилмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этишини назарда тутадиган бўлсак, бугун юртимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тайёр авлод шаклланди, деб бемалол айтишимиз мумкин.
Лекин ўтган йиллар мобайнида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиш, барча иш қоғозлари ва ҳаракатдаги ҳужжатларнинг тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш юзасидан қатъий талаблар қўйилмади. Иш юритишда кирилл ва лотин ёзувининг амал қилиб келиши, табиийки, ноқулайликлар ва жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Ҳукуматимиз томонидан 2021 йил 10 февраль куни қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борадаги муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан қатъий чоралар белгиланди.
Яқин муддатларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси”да жамиятимизда мавжуд бўлган энг муҳим ижтимоий муаммонинг ечимига қаратилган устувор вазифалар белгиланди.
Жумладан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида “Ўзбек тилининг имло қоидалари” тасдиқланади. Ўзбек тили алифбоси ва янги имло қоидалари асосида транслитерацияга мўлжалланган ахборот дастурий таъминотлар учун ягона талаб ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.
Турли вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ходимлари, мустақил ўрганувчилар учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида фаолият кўрсатаётган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг 13 та ҳудудий бўлинмасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, имло қоидалари ва давлат тилида иш юритишни ўрганиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Эътиборли жиҳати, ўқиш ва ўрганиш истагида бўлган аҳоли вакилларининг бепул ўқитилиши таъминланади.
Узлуксиз таълим тизимининг мактабгача таълим бўғинидан бошлаб болаларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва янги имло қоидалари бўйича саводхонлигини шакллантиришга мўлжалланган кўргазмали ва тарқатма материаллар тайёрлаш йўлга қўйилса, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари, дарсликлар тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилади. Кирилл алифбосида чоп этилган ва кутубхоналарда сақланаётган адабиётларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги электрон кўринишлари босқичма-босқич яратилади.
Мамлакатимизда фуқаро шахсини тасдиқловчи гувоҳномалар, ID карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини такомиллаштирилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади.
“Йўл харитаси”да кирилл ёзувидан лотин ёзувига саводли ўгирадиган дастурий таъминот ҳамда уларнинг мобил иловалари яратилишини рағбатлантириш назарда тутилган бўлиб, бу, ўз навбатида, ёшларни изланишга ва янгиликлар яратишга ундаши табиий.
Турли соҳалар бўйича атамалар, жой номлари, киши номлари луғатлари ва ўқув луғатларининг тайёрланиши, нашр этилиши ва кенг тарқатилиши аҳолининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва янги имло қоидаларини тез ва осон ўзлаштириб олишига хизмат қилади.
Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, жой ва кўчалар, ташкилотлар номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонларнинг янги тартибда ёзилишини тўлиқ таъминлашда кенг жамоатчиликнинг фаоллиги ва ҳар биримизнинг масъуллигимиз яқин муддатларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишимизда муҳим омил бўлади.
Одина ЖАМОЛДИНОВА,
олий ва ўрта махсус таълим вазири маслаҳатчиси