Миссия аъзолари Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директорининг ўринбосари Нуриддин Хўжақулов ҳамроҳлигида Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.
Хусусан, Тўрткўл туманида фермерлар билан учрашувда лойиҳа доирасида ерларни лазерли текислаш ишларининг бугунги натижалари бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди. Фермерлар лазерли ускуна ёрдамида текисланган ғалла майдонлари бошқа майдонларга нисбатан ҳосилдорлиги ортгани ва сув сарфи ҳам камайганлигини алоҳида таъкидлаб, лойиҳа масъуллар ва уни амалга оширган ташкилот қурувчи ва хизматчиларига меҳмонларга миннатдорлик билдиришди.
– Тадбир иштирокчилари бош пудратчи – “Ҳисоракгидроқурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Пахтаарна каналини қайта тиклаш” шартномаси таркибидаги янгидан қурилган сув тақсимловчи гидротехник иншоотни бориб кўрди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадреймов. – Шунингдек, меҳмонлар ушбу ҳудуддаги янгидан қурилган дарёга сув чиқарувчи гидротехник иншоот билан яқиндан танишди.
Лойиҳа доирасида каналларнинг сув ҳисобини автоматик ўлчовчи қурилмалар ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Жаҳон банки миссияси вакиллари Бўстон каналининг (шарқий қисм) ўрнатилган сув сарфини автоматик тарзда ўлчовчи SCADA тизими билан танишдилар. Тадбир иштирокчиларига ушбу мослама орқали сувни тўғри тақсимлаш, сувнинг ҳисобини аниқ юритиш бўйича маълумотлар берилди. Меҳмонлар лойиҳа доирасида янгидан қурилаётган 33,4 км узунликдаги пудратчи “TOʼPALANG HPD HOLDING” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш монтаж ҳамда бетонлаш ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Эътиборлиси, миссия вакиллари ташрифи доирасида ҳудудлардаги фермерлар билан учрашувида ва лойиҳа доирасидаги ишларни жойига бориб таниш чоғида ҳудуд аҳолиси ҳам лойиҳанинг натижаларини алоҳида эътироф этишмоқда.