Бироқ улар учун алоҳида инфратузилма мавжуд бўлмаганда табиий муаммо юзага келади: микромобиллик воситалари фойдаланувчилари йўлнинг қатнов қисмида автомобиллар билан, тротуарларда эса пиёдалар билан бир маконда ҳаракатланишга мажбур бўлади.

Бир ҳудудда турли тезликда ҳаракатланиш эса барча учун — пиёдалар, ҳайдовчилар, шунингдек, велосипед, самокат ва скутер фойдаланувчилари учун ҳам ноқулайлик туғдиради.

Ушбу оқимларни бир-биридан ажратиш ва ҳар бир ҳаракат иштирокчиси учун алоҳида макон яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан Лутфий кўчасининг 2.4 километрлик қисмида микромобиллик воситалари учун алоҳида ҳаракатланиш йўлаги синов тариқасида ташкил этилди.

Мазкур йўлак велосипедлар, электросамокатлар, электроскутерлар ва бошқа микромобиллик воситалари учун мўлжалланган. Бундай ёндашув ҳаракатни тартибга солиш ҳамда транспорт ва пиёдалар оқимларининг ўзаро кесишишини камайтириш имконини беради.

Лутфий кўчасидаги пилот лойиҳа ижобий натижа кўрсатди: янги ечим фойдаланувчилар учун қулай ва тушунарли экани, шунингдек, шаҳар шароитида микромобиллик учун алоҳида инфратузилма яратиш имкониятларини амалда баҳолашга ёрдам бергани кузатилди.

Келгуси лойиҳаларда микромобиллик йўлакларининг хавфсизлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Йўл шароитидан келиб чиқиб, бундай йўлакларни автомобиллар ҳаракатидан махсус делинеаторлар, ажратувчи ва бошқа ҳимоя элементлари ёрдамида жисмонан ажратиш кўзда тутилмоқда. Бу микромобиллик воситалари фойдаланувчилари учун янада хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратиш ва транспорт оқимлари билан бевосита тўқнашув хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Асосий мақсад — автомобиллар ўз оқимида ҳаракатланадиган, пиёдалар тротуарда ўзлари учун қулай ҳудудни сақлаб қоладиган, велосипедлар ва бошқа микромобиллик воситалари эса алоҳида ва хавфсиз йўналишга эга бўладиган аниқ ва тушунарли тизимни шакллантиришдир.

Синов натижаларига кўра, Марказ мутахассислари айни пайтда пойтахтнинг шу каби ечимни қўллаш мумкин бўлган бошқа кўча ва ҳудудларини ҳам ўрганмоқда.

Лутфий кўчасида орттирилган тажриба Тошкентда микромобиллик инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади — йўл шароити бундай ечимни барча ҳаракат иштирокчилари учун хавфсиз ва қулай тарзда ташкил этиш имконини берадиган ҳудудларда.