Таҳлилларга кўра, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари асосан тунгги вақтда, сунъий ёритилмаган йўлларда содир этилиши аёнлашади. Айниқса пиёдалар билан боғлиқ ҳодисалар тунда кўпроқ юз беради. Чунки, ёритилмаган йўллардан кўчани кесиб ўтаётган пиёдани ҳайдовчи кўрмай қолиш эҳтимоли юқори.
Мисол учун, Тошкент вилоятида йил бошидан буён содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг 209 таси сутканинг қоронғу вақтида, хусусан, 141 таси соат 19:00 дан 24:00 гача бўлган вақтда, 68 таси соат 24:00 дан эрталабки 06:00 гача юз берган. Бу йўл транспорт ҳодисаларининг 67 таси ёки 32,3 фоизи сунъий ёритилмаган йўлларда кузатилган.
Масаланинг ана шу томонларини инобатга олган ҳолда Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари кўчаларни сунъий ёритиш чироқлари билан жиҳозлаш орқали йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришни режалаштириб, бу йўналишда бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
– Асосий эътибор М-39 «Тошкент – Термиз» халқаро автомобиль йўлига қаратилди, – деди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ йўл назорати бўлими бошлиғи, подполковник Эркин Раҳмонбердиев. – Ҳозирги кунгача 397-йўл таъмирлаш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда мазкур халқаро автомобиль йўлининг «Янги йўл», «Ислоҳот», «Мирзо Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ўтган 838, 842 ва 845-километрларига сунъий ёритиш чироқларини ўрнатдик. Бу чироқлар, биринчи навбатда, пиёдалар хавфсизлигини таъминлайди.
Автомобиль йўлларини ёритиш ишлари босқичма-босқич, йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили асосида амалга оширилади. Йўлларнинг ёритилиши эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.