Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида, қолаверса, демократик ҳуқуқий жамият қурилиши ва ривожланишида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришнинг аниқ тизим ва шаклларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибасига эътибор қиладиган бўлсак, ҳар қандай жамиятда, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлиги даражасини оширмасдан, уларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишга кўмаклашмасдан туриб, ҳуқуқий жамиятни ривожлантириб бўлмайди.
Бу ҳолат эса, ҳозирги глобаллашув даврида, мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишнинг янги ва инновацион усуллари, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланиб, фаолиятимизга замонавий усулларни жорий этишни талаб этади.
Шунга кўра, ўтган йили мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Мадад” — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш йўли билан уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга кўмаклашишдан иборат.
Муассасани ташкил этилишида, дастлаб Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Буюк Британиянинг “Citizens Advice” деб номланган мустақил хайрия ташкилоти фаолияти ўрганилди. Ушбу ташкилот 1939 йилдан буён аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатиш амалиёти билан шуғулланиб келади.
Мазкур ва бошқа хорижий муассасалар фаолиятини ўрганиш асосида мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш тизимини самарали йўлга қўйиш учун 2019 йилда “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Порталда фуқароларимиз кундалик ҳаётларида дуч келиши мумкин бўлган долзарб ва зарур масалалар бўйича тегишли бўлимлар мавжуд бўлиб, улардаги маълумотлар (контентлар) кўпчилик учун тушунарли, оддий ва равон тилда баён этилган.
Масалан, ундан фойдаланувчилар меҳнат муносабатлари деб номланган бўлим ва ундаги бир нечта кичик гуруҳлардан фойдаланиб, зарур ахборотга эга бўлишлари ёки ўзларини қизиқтирган саволларга тезда жавоб топишлари мумкин. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ундан меҳнат муносабатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, фойдали ҳаволалар, ҳаётий мисоллар, савол-жавоблар каби зарур маълумотлар олиш имконияти яратилган. Агар уларда бошқа қўшимча саволлар юзага келадиган бўлса, порталнинг ўзидан туриб, яъни, онлайн маслаҳатчи хизмати орқали муассасага йўллашлари мумкин.
Ўз навбатида, муассасага келиб тушган бундай саволлар онлайн маслаҳатчилар томонидан қабул қилиниб, реал вақт режимида кўриб чиқилади ҳамда мурожаатчиларга тезда жавоблар юборилади.
Маълумот учун айтишимиз мумкинки, порталга бугунги кунга қадар 80 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ва уларга мутахассисларимиз томонидан онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. Бу рақамлар, авваламбор, фуқароларга уларнинг ҳуқуқий масалалардаги барча мурожаатлари юзасидан реал вақт режимида бепул ва малакали юридик ёрдам кўрсатилганлигидан далолат беради.
Албатта, портал муассасамизнинг расмий веб-сайти сифатида мунтазам равишда янгилаб борилмоқда. Хусусан, Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда порталнинг янги интерактив шакли ишлаб чиқилиб, яна бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратилди. Жумладан, порталдан фойдаланувчилар ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини изоҳлар шаклида ёзиб қолдириши, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича онлайн форумда иштирок этиши, савол-жавобларнинг якуни бўйича мутахассиснинг иш сифатини баҳолаши мумкин. Бундан ташқари, порталга сайт бўйича “ақлли” қидирув, сўнгги янгиликлар ойнаси, муассасанинг ҳудудий бюролари жойлашув харитаси каби янги ва интерактив йўналишлар киритилган.
Муассасамиз томонидан аҳолига, айниқса, жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган (кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар) фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида, мамлакатимиз бўйича 60 та туман (шаҳар)да ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди. Улар жойларда фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш, шунингдек, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини тақдим этиш ёки бундай ҳужжатлар лойиҳаларини тузишда кўмаклашиш орқали ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ҳудудий бюроларимизга ҳозирги кунга қадар 70 мингдан ортиқ фуқаролар бевосита мурожаат қилишган ва уларга турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилган.
Маълумки, республикамизда COVID-19 вируси тарқалиши муносабати билан жорий йилнинг 15 март кунидан бошлаб карантин эълон қилинган эди. Шу муносабат билан, муассаса ва ҳудудий бюроларимиз ходимлари ҳам масофавий иш усулига ўтказилди. Масофавий иш усулининг самарадорлигини ошириш учун, биринчи навбатда, муассаса ва ҳудудий бюроларимиз ходимлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари бўйича уларга масофадан туриб (онлайн ёки телефон орқали) ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларга эълонлар жойлаштирилди.
Ушбу даврда, фуқаролардан муассаса ва ҳудудий бюроларимизга CОVID-19 пандемияси билан боғлиқ 4000 га яқин мурожаатлар келиб тушган ва уларга масофадан туриб зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг аксарият қисмини карантин пайтида меҳнат муносабатларини тартибга солиниши, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ажратилиши, Республика махсус комиссиясининг қарорлари бўйича тушунтириш берилиши, карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши каби масалалар ташкил этяпти.
Фуқароларнинг мурожаатларида баён этилган долзарб ва муаммоли масалаларни таҳлил қилиб, уларнинг натижасига кўра, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиши ҳам фаолиятимизнинг асосий вазифалари сирасига киради. Ўтган давр мобайнида муассасамиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига “жамоавий мурожаат” тушунчасини киритиш, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда енгил автотранспорт воситалари орқа ён ойналарига парда ўрнатганлик учун жарима жазосини бекор қилиш, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тасдиқлаган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш муддатини узайтириш, “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низомда назарда тутилган олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тугаллаган бакалавр ва магистрларга камида уч йил ишлаб бериш мажбуриятини бекор қилиш ва шу каби бошқа долзарб масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, мутасадди вазирлик ва идораларга юборилди.
Муассасамиз аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида давлат органлари, нодавлат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Тошкент давлат юридик университети, Нотариал палатаси билан аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув битимлари имзоланиб, фуқароларимиз учун самарали бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги (USAID) билан молиявий ва техник масалалар бўйича грант маблағларини жалб қилиш юзасидан шартномалар имзолаб, ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Адлия ва суд органлари билан ҳамкорликда тизимли чора-тадбирларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича 2020 йил 19 августда тасдиқланган “Йўл ҳаритаси”га мувофиқ, жорий йилнинг октябрь ойида муассасамиз, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди билан ҳамкорликда суд биноларида “Халққа бепул ҳуқуқий ёрдам” хоналари, интернет тармоғида эса “Халққа бепул ҳуқуқий ёрдам” телеграм канали ташкил этилди. Ўтган икки ой давомида адлия органлари ва муассасамиз ходимлари томонидан “Халққа бепул ҳуқуқий ёрдам” хоналари орқали 150 нафардан ортиқ фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатилгани,телеграм канали орқали келиб тушган 500 дан кўпроқ ҳуқуқий масалалардаги саволларга мутахассисларимиз томонидан жавоблар юборилганлиги ушбу қулайликнинг самарадорлигидан далолат бериб турибди.
2021 йил давомида ва келгуси йилларда фаолиятимизни ривожлантиришга қаратилганчора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Хусусан, жойларда фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш кўламини янада кенгайтириш мақсадида республикамизнинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич равишда ҳуқуқий маслаҳат бюроларини ташкил этишни, янги ва замонавий шаклдаги ҳуқуқий ахборот порталимиздан фойдаланувчилар сонини янада кўпайтиришни ҳамда уни сифат ва интерактив жиҳатидан юқори даражага кўтаришга тез орада киришамиз.
Бундан ташқари, фуқароларга, шу жумладан, хорижий давлатларда бўлиб турган меҳнат муҳожирларига тезкор қисқа рақамли алоқа (call center) ёки онлайн видеомулоқот шаклида (face to face) ҳуқуқий маслаҳатлар бериш амалиётини жорий этишни назарда тутганмиз. Албатта, ушбу режаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, ҳар бир фуқарога ўзи яшаётган ҳудудда, ўзи хоҳлаган пайтда зарур ҳуқуқий ахборот олиши ва ундан фойдаланиши, қолаверса, ижтимоий ҳаётимизда мавжуд турли ҳуқуқий масалалар бўйича тезкорлик билан малакали бепул юридик ёрдам кўрсатилиши учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Тўлқин ТУРСУНОВ,
“Мадад” муассаса шаклидаги
нодавлат нотижорат ташкилоти
ижрочи директори