Залмай Халилзад 2002 йилдан бери Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюришини таъкидлаб, мамлакатимиздаги кенг кўламли ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганини маълум қилди. Шунингдек, туризмнинг ривожи маданий мерос объектларини танитиш билан чамбарчас боғлиқлигини қайд этиб, Тошкент ва Ўзбекистондаги артефактларга сармоя киритишга қизиқиш билдирди. З. Халилзад ARCH, Қатар суверен фонди ва АҚШнинг бошқа жамғармалари билан ҳамкорлик қилган ҳолда, оптимал туристик шароитларни яратиш борасида барча инвестицион имкониятларга эга эканлигини билдирди. У авиачипталар нархини пасайтириш, уларни сотувда кўпайтириш мақсадида хусусий лоукостер авиакомпанияларни жалб этиш ҳамда сайёҳлар учун қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида транспорт соҳаси ходимлари, турар жой ва умумий овқатланиш корхоналари учун хорижий тиллар курсларини ташкил этишда кўмаклашишни таклиф этди.
ARCH раиси Шерил Бенард альянс фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. У дунё бўйлаб маданий мерос объектларини ўрганиш, сақлаш, реставрация, реконструкция ва консервация қилишга қаратилганлигини айтиб ўтди. Бу йўналишдаги ишларга тўхталиб, Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида Мосул шаҳридаги деярли вайрон бўлган Халдей католик черковини тиклашни мисол тариқасида келтирди.
Ф. Давруков Тошкент шаҳрига бўлган қизиқиш учун миннатдорлик билдириб, тасдиқланадиган режага мувофиқ, пойтахтдаги 350 дан ортиқ маданий мерос объектларидан ҳар йили ўртача ўнтаси реставрация ёки реконструкция қилинишни маълум қилди. Ҳоким ўринбосари шаҳар ҳокимлиги пойтахтимиздаги маданий мерос объектларини реконструкция ва реставрация қилишда, учрашувда кўтарилган бошқа масалаларда ҳамкорлик имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини айтиб ўтди.
Учрашув якунида бошланган сермаҳсул мулоқотни ўзаро фойдали ҳамкорлик учун давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.