Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти томонидан «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги» доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини амалга ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, аҳоли бандлигини таъминлашда маҳалла институтининг муҳим аҳамияти ва ўрни муҳокама этилди.
Анжуманда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, ЮНИСEФ, ЕХҲТ, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) каби кўплаб халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, шунингдек, Россия, Бирлашган Араб Амирлиги, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг дипломатик корпус вакиллари, мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ноёб тузилма ҳисобланадиган маҳалла институтининг аҳолининг ўзаро жипслиги, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги муҳим аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ўз сўзи давомида маҳалланинг жамият бошқарувидаги ролини ошириш, халқ билан давлат ўртасида ишончли «кўприк» бўлишини амалда таъминлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида давлатимиз томонидан сўнгги йилларда муҳим ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Конференция якунида халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳалла институтининг оилаларни мустаҳкамлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги ролини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.