Давлат хизматлари марказларида, маҳалла ва мактабларда масофадан туриб хизматлардан фойдаланиш бўйича семинар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ўрта Чирчиқ тумани Давлат хизматлари марказида ўтказилган семинарда тумандаги 20 га яқин маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва умумтаълим мактабларининг ёшлар етакчилари иштирок этди.
Тадбирда марказ ходимлари аҳолининг давлат хизматларидан маҳалласи ёки уйидан чиқмаган ҳолда фойдаланиш, уларда онлайн хизматга малака ва кўникма шакллантириш борасида тушунча, маълумотлар берди.
— Бундай амалий семинарларни туманимиздаги 60 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда мунтазам ўтказишни режалаштирганмиз, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани Давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова. — Бундан кўзланган асосий мақсад — нафақат маҳаллалар, балки умумтаълим мактабларида ҳам махсус хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этиш орқали ёшлармизга давлат хизматлари ва улардан фойдаланиш тўғрисида тушунча ва маълумотлар беришдан иборат
Давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиш жуда қулай ва осон эканлиги мутахассисларимиз томонидан тушунтирилмоқда. Сабаби, марказга қанча одам кўп келса у ерда ҳам навбат, ҳам харажат кўпаяди, вақт кетади. Биз фуқароларимизни марказга камроқ келиб, кўпроқ электрон хизмат олишлари тарафдоримиз.
— Бугун олаётган билим ва кўникмаларимиз давлат хизматларидан электрон фойдаланишда жуда асқотади, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нортожи Раҳимова. — Биз ҳам маҳаллаларда қабулимизга келган аҳолига давлат хизматларини уйидан туриб олишларига кўмак берамиз. Одамларимизнинг вақти турли идоралар эшиги олдида бекор ўтмаслиги керак.
Маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ва ёшлар иштирокида экскурсия тарзидаги ташкил этилган учрашувда марказ директори тақдимот ўтказиб, яқинда фойдаланишга топширилган марказ фаолияти, аҳолига яратилган қулайликлар, давлат хизматларидан фойдаланиш борасида батафсил тушунча берди.
Ахборот коммуникациялари ривожланиб бораётган бугунги кунда нафақат ёшлар, балки катта авлод вакиллари учун ҳам давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштириш, ортиқча ҳаракат ва харажатларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди.
Амалий семинарда иштирокчилар давлат хизматларига оид ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Таклиф этилаётган хизмат турлари ва сифати, қайси амалиётни енгиллаштириш ёки бекор қилиш ҳақидги истеъмолчи фикри тизимни ривожлантиришга хизмат қилади.
Эркин Дорипов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати бошлиғи