Тадбирда маҳаллаларнинг комплекс ривожланишини таъминлаш, давлат ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда жойларда фуқаролар иштирокини кенгайтиришга жалб этилган вазирлик ва идоралар, шунингдек тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишнинг амалий механизмларини муҳокама қилиш, шунингдек 2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилингани доирасида маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, жойларда давлат хизматлари сифатини ошириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда «маҳалла еттилиги»нинг ролини кучайтиришга қаратилган аниқ сиёсий-ҳуқуқий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбирда Президент Мурожаатида белгиланган асосий ғоя аллақачон сиёсий-бошқарув йўналтирувчисига айлангани таъкидланди.

Шу муносабат билан, иштирокчилар маҳалланинг ривожланиши формал кўрсаткичларда эмас, балки хизматлар сифати реал равишда яхшиланишида, барча жалб этилган тузилмалар фаолиятининг ўзаро мувофиқлигида, аҳоли учун маъмурий тартиб-таомилларнинг ўз вақтида, тушунарли ва шаффоф амалга оширилишида ифодаланиши лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Иштирокчилар Мурожаатда белгиланган, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришда алоҳида масалаларни парчаланган ҳолда ҳал этишдан комплекс ёндашувга ўтиш, оғир шароитга эга айрим туманлар ва маҳаллаларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, молиялаштиришни аниқ лойиҳаларга йўналтиришга қаратилган ташаббусларнинг муҳимлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан ҳудудни ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга доир чора-тадбирлар ягона қарорлар пакети сифатида режалаштирилиб, амалга ошириладиган истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди. Маҳалла даражасида лойиҳа ёндашувини қўллаш устувор йўналишларни аниқроқ белгилаш, инфратузилмавий ҳамда ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ўзаро боғлаш, шунингдек, ижрони шаффоф ва назорат қилинадиган тарзда таъминлаш имконини бериши алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, маҳаллани ривожлантириш, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда жойларда қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини оширишда «маҳалла еттилиги» фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар барқарор натижага эришиш фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда ягона ёндашувлар мавжуд бўлганида, ваколатлар доирасида ўз вақтида чоралар кўрилганида, қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилганида, шунингдек, аризачилар қабул қилинган қарорлар ва кўриб чиқиш якунлари тўғрисида мажбурий равишда хабардор этилганида таъминланишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш топшириғига асосан, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан жамоат қурилиши ва давлат бошқаруви соҳасида таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Маҳаллалар уюшмаси, Рақамли технологияларни ривожлантириш вазирлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Қарши давлат университети экспертлари жалб этилган ҳолда Қашқадарё, Сирдарё, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги 50 та маҳалланинг ўрганилиши якунларига кўра маҳаллаларда давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, уларни босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштиришга ўтишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда мазкур лойиҳа «давра суҳбати» доирасида тақдим этилди.

Иштирокчилар маҳалланинг ёшлар учун имкониятлар яратишда, уларни таълим, бандлик ҳамда ижтимоий ташаббусларга жалб этишдаги ўрнини муҳокама қилдилар. «Маҳалла еттилиги» таркибига кирувчи ёшлар етакчилари ҳудуддаги ёшларнинг эҳтиёжларини аниқлашга, уларнинг ишга жойлашувига кўмаклашишга, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳамда ўзини ўзи рўёбга чиқариш учун барқарор муҳит шакллантиришга йўналтирилган бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, маҳалла ёшлар томонидан таълим олиш, лойиҳаларни ишга тушириш ва жамоат ҳаётида иштирок этишда ёрдам олиш мумкин бўлган тушунарли ва очиқ майдон сифатида қабул қилиниши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Умуман олганда, экспертлар томонидан маҳаллаларни ривожлантириш соҳасида Президент мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунларида барча иштирокчилар Президент томонидан маҳалла жамият бирдамлиги ва тараққиётининг асоси эканлиги тўғрисида айтилган фикрлар, шунингдек, уни ресурс жиҳатдан мустаҳкамлаш ва комплекс равишда ислоҳ этишга қаратилган ташаббуслар 2026 йил ва ундан кейинги давр учун давлат ва жамият олдида турган аниқ ҳаракатлар дастури эканлигини якдил эътироф этдилар. Қайд этилдики, мазкур ёндашув маҳаллани анъанавий ўзини ўзи бошқариш институтидан Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий фаровонлигини таъминловчи реал пойдеворга айлантиришга қаратилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти