Жумладан, ижтимоий-иқтисодий аҳволи энг оғир 325 та қишлоқ ва 71 та шаҳар маҳаллаларини комплекс ривожлантириш, уларга ичимлик суви, электр тармоқлари, ички йўллар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари учун 3,3 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳаллада 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга, 2 триллион сўм берилади.

Шу билан бирга, 1 триллион сўм эвазига 4 минг километрдан ортиқ сув тармоқлари тортилиб, 500 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш борасида узоқ йиллар давомида кўплаб муаммолар йиғилиб қолган бўлиб, бу одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ҳар йили қишда чироқ ўчиши билан боғлиқ муаммолар кузатилади. Жорий йилдан бу масалалар тўлиқ бартараф этилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг 377 та (60 фоиз) маҳаллада 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Бу ишларга қарийб 2,1 триллион сўм йўналтирилади. Соҳада хусусий шерикчилик тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Тожикистон ва Қирғизистон билан электр таъминоти соҳасида ҳамкорлик кучайтирилади.

Давлат раҳбари электр ва газ таъминоти соҳасида шу вақтга қадар коррупция ва талон-тарожлик кузатилганини таъкидлади. Энди барча ҳисоб-китоблар жой-жойига қўйилади. Электр ва газ ҳисобида янги замонавий элктрон тизим бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинади.

Бундан ташқари, қишлоқлар инфратулмаси ҳам тубдан ўзгаради. Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга, “қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг 21 та тумани, 60 та қишлоғида 485 миллиард сўмлик (46 миллион долларлик) лойиҳалар бошланади.