"Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан 2021 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашга 1,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарф этилди. Яна шунча маблағ боқувчисини йўқотган, вояга етмаган етимлар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатлардан азият чеккан юртдошларимизга молиявий ёрдам кўрсатишга йўналтирилди. “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчи ватандошларимиз ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламига салкам 1 миллиард сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари олиб берилди.

Фонд нафақат эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, балки фуқаролар йиғинлари фаолиятини замон талабларига мослаштириш, маҳалла идораларини мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратди. Жумладан, 2021 йилда 4 мингдан ортиқ маҳалла идораларининг коммунал тўловлардан бўлган 2 миллиард сўмдан зиёд қарздорлиги фонд ҳисобидан қоплаб берилди. Фуқаролар йиғинларини компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминлашга эса 6,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

 Маҳалла идораларининг иш самарадорлигини ошириш бевосита у ерда меҳнат қилаётган ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга боғлиқ. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 19 минг нафардан зиёд маҳалла ходимларига қарийб 33 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилди.

 Ўтган йилдан бошлаб бир хайрли ишга қўл урилди. “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиблари фонд маблағлари ҳисобидан “Навбаҳор сиҳатгоҳи”да даволаниши ва дам олишлари ташкиллаштирилмоқда. Сиҳатгоҳда йил давомида 500 нафарга яқин “Маҳалла ифтихори”лари бепул ҳордиқ чиқарди. Жорий йилдан бошлаб жонкуярлиги, фидойилиги ва ватанпарварлиги билан маҳалладошларига ўрнак бўлиб келаётган юртдошларимиз, фонд тизимида юқори кўрсаткичларга эга бўлган ходимларга ҳам сиҳатгоҳда бепул дам олиш имкониятлари яратилади. 

Мамлакатимизда “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирига старт берилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди мазкур лойиҳада фаол қатнашишни режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 1 миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш мўлжалланган. Шунингдек, янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми Наврўз байрами муносабати билан хайрия тадбирлар янада кўпаяди.