Унда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари, маҳаллий Кенгашларнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ОАВ вакиллари ва Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳамда “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “овозига” айлантириш мақсади белгиланган.

Бунда Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига кўмаклашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишдаги роли муҳимдир. Айниқса, аҳоли томонидан қонунчиликда белгиланганидек ҳар чоракда масъулларнинг ҳисоботларини эшитиш тартибининг амалда таъминланиши устидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари назорати институтини жорий этиш устувор мақсадлардан бири ҳисобланади.

Хусусан, прокуратура органлари фаолиятини таҳлил қилиб бориш, қонунларнинг жойларда қўлланиши юзасидан прокуратура органлари томонидан назоратни муҳокама этиш каби масалалар муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи-назардан маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудудий прокурорларнинг ҳисоботларини эшитиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва “Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Сенат Қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган услубий тавсиялар муҳокама этилди.

Унда ҳудудий прокурорлар ҳисоботини эшитишнинг тартиби, муддатлари, маҳаллий Кенгашларнинг бу жараёнда қандай масалаларга эътибор беришлари лозимлиги ҳамда ўзига хос бошқа хусусиятлари муҳокама этилди. Айни шу масалада иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Семинарда маҳаллий Кенгашларда ҳудудий прокурорларнинг ҳисоботларини эшитишда прокуратура органлари фаолияти устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш, ҳудудларда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш самарадорлигини янада оширишга эътибор қаратилди.

Тадбир якунида маҳаллий Кенгашларга методик ёрдамни тизимли ташкил этиш, қонунларни депутатлар ва экспертлар томонидан кенгроқ муҳокама қилишни йўлга қўйиш ҳамда келгусида ушбу ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.