Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда Навоий вилоятининг шимолида ёғингарчилик кузатилмайди. Бухоро вилояти ва Навоий вилоятининг жанубий ҳудудларида асосий ёмғирлар 1 май кунига тўғри келади, 2–3 май кунлари эса айрим жойларда қисқа муддатли ёмғирлар бўлиши мумкин.

1 май куни айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда эса чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати бугун кундузи асосан 27–30 даражани ташкил этади. Дам олиш кунларида эса 22–25 даражагача пасайиши кутилмоқда. Шимоли-ғарбий ҳудудларда бугун энг салқин ҳарорат 20–23 даража атрофида бўлиб, якшанбага келиб 27–30 даражагача кўтарилади.

Республика тоғолди ва тоғли ҳудудларида 1–3 май кунлари вақт-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шунингдек, сел-сув тошқинлари юзага келиш хавфи мавжуд.

Тошкентда бугун куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 28–30 даража атрофида бўлади.

Шанба ва якшанба кунлари ҳам вақт-вақти билан ёмғир ёғиши кутилмоқда. Кечаси 13–15 даража, кундузи эса 22–24 даража бўлади.

1–2 май кунлари шамол тезлиги 10–12 м/с гача кучайиши, айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.