Давлатимиз ва ҳукуматимиз, чунончи Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев юртимиз фуқаролари, айниқса ёш авлоднинг бундай бахтли ҳаёт ва келажакка юз тутишида кенг дунёқараш ва юксак маънавиятга эга бўлишлари лозим деб ҳисобламоқдалар.

Худди шу масала Президент ва ҳукуматнинг мактабгача таълим ва тарбия соҳасида қабул қилган барча қонун, фармон, фармойишларида ўз аксини топмоқда. Жумладан, 2019 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуни ва 2020 йил 22 декабрда илк бор «Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим стандарти»нинг қабул қилиниши мисолида кўришимиз мумкин.

Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси Қашқадарё воҳасида ҳам тизимли ва якдил амалга ошириб келинмоқда. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунга келиб Қашқадарё воҳасида мактабгача таълим ташкилотлари сони ва болалар қамрови жадал ўсиб бормоқда. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 2018 йилда воҳада атиги 326 та давлат МТТлари фаолият юритган бўлса, 2021 йилга келиб давлат МТТларнинг сони 394 тага, хусусий МТТлар 41 тага, давлат хусусий шерикчилигидаги МТТлар 109 тага, оилавий нодавлат МТТлар сони 1144 етди. Болалар қамрови эса, 2018 йилда 32059 нафар мактабгача ёшдаги бола МТТларга қамраб олинган бўлса (13% ), 2021 йилда эса 128957 нафар бола МТТларга қатнай бошлади (44 %).

Айни кунларда Қашқадарё воҳасида мазкур МТТларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш механизмини такомиллаштириш, мактабгача таълим соҳасида хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш каби вазифалар манзилли амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, воҳада мактабгача таълим соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашнинг сифат даражасини ошириш, олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ўқув-тарбия жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш каби долзарб муаммоларни бартараф этиш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, айни кунларда мактабгача таълим бўйича Қарши давлат университетида кундузги, сиртқи, махсус сиртқи таълим йўналишларида 1144 нафар талаба ва магистратура мутахассислигида 14 нафар магистр таҳсил олмоқда. 2020-2021 ўқув йилида мазкур йўналишни 308 нафар талаба тамомлайди ва ушбу соҳада ўз фаолиятини амалга оширади. Бу кўрсаткич 2019 йилгача бўлган битирувчи талабалар сонига нисбатан олганда 77 % га ошганлигини кўрсатади.

Ўз навбатида шуни таъкидлашимиз жоизки, ушбу соҳадаги олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, рақобатбардошлигини юксалтириш мақсадида Қарши давлат университети Жанубий Кореянинг KOICA ташкилоти ва Россиянинг бир қанча олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатди.

2019 йилдан буён KOICA ташкилотидан бир нафар илмий даражали профессор-ўқитувчи Ли Ёнгил мактабгача таълим йўналиши талабаларига мактабгача таълим соҳаси бўйича хорижий тажрибаларни ўргатиб келаётган бўлса, 2018-2019, 2020-2021 ўқув йилларида Белгород давлат миллий тадқиқот университети доцентлари Ивашенко Елена ва Рижкова Юлия мактабгача таълим йўналишида ўқув машғулотларини олиб бормоқдалар.

Юқоридаги фикрларга кўра шуни таъкидлашимиз жоизки, воҳамиздаги бу каби ишлар келажакда унинг тараққиётига хизмат қиладиган интеллектуал салоҳиятли, ташаббускор, шижоатли, ватанпарвар, жисмоний соғлом авлодни етиштиришга хизмат қилади. Зеро, бу каби фазилатларга эга авлодни тарбиялашдан жамиятимиз, давлатимиз ва албатта воҳамиз бирдек манфаатдор ҳисобланади.

Н. Орипова,

Қарши давлат университети Мактабгача таълим кафедраси мудири