Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада “Бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам, келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз — ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат. Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади”, дея таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим олишлари учун зарур шароитлар яратиш йўлида катта имкониятлар яратилмоқда. Келажагимиз эгалари бўлган дилбандларимизга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.

Президентимиз сўнгги тўрт йил ичида болалар қамрови 60 фоизга етган МТТлар сони 14 мингдан ошганини қайд этди. Мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор улушининг оширилиши ёш авлодга боғча пайтиданоқ сифатли таълим-тарбия бериш, уларни жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайишига замин яратади. 

Мурожаатномада таъкидланганидек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади. Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.

Агриппина ШИН,

Ўзбекистон Республикаси

мактабгача таълим вазири