Афсуски, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Сирдарё вилоят бўлими томонидан ўтказилган ўрганиш мобайнида вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермаётганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш жараёнида масофавий таълимнинг сифати пастлиги, тингловчиларнинг давомати мутлақо назоратдан четда қолаётганлиги, фан ўқитувчиларининг дарсларга тайёргарлик кўрмасдан “панжа” орасидан қараётганлиги аниқланди. Мисол учун, ижтимоий фан ўқитувчиси О.Бегиев дарсида асосий мавзу четда қолган ҳолда 1 соатлик дарснинг 35 дақиқаси мавзунинг номланишига бағишланди. Ўқитувчи О.Бегиевнинг дарсида 28 нафар тингловчидан 19 нафари онлайн тарзда иштирок этди. Қолган 9 нафар тингловчи қаерда, нима юмуш билан машғуллиги ҳеч кимни қизиқтирмади.
Марказ ўқитувчиси Н.Нуралиева томонидан ўтказилган машғулот белгиланган вақтдан 15 дақиқа кеч бошланди, давомат масаласи ўқитувчининг назоратидан четда қолди, дарсда илғор педагогик технологиялардан фойданилмади, тингловчиларнинг фаоллиги таъминланмади.
Ўрганиш якуни бўйича ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Носиров, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи Ҳ.Ёдгоровлар томонидан марказ фаолиятидаги камчиликлар очиқ-ойдин билдирилди, вилоятда халқ таълими сифатини оширишда марказнинг жавобгарлиги ва масъулияти катта эканлиги таъкидланди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати