Ўтган йилнинг 25 декабрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида давлатимиз раҳбари бу хусусда яна бир сўз юритиб, жумладан, шундай деди: “Бугун ўғил-қизларимизни қийнаётган жиддий муаммолардан бири — ўқишни тамомлаган ёшлар бандлигини таъминлашдир. Кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизлар ҳам иш топишда қийинчиликка учрамоқдалар”.

Шу йилнинг 27 январь куни Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ҳамда улар бандлигини таъминлаш борасида муҳим тавсия ва топшириқлар берилди. Йиғилишда юртимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд экани қайд этилгани ҳолда бу — аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этиши таъкидланди. Шу асосда ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган тадбирлардан бири Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилди. Олий таълим муассасаси томонидан бу йилги битирувчиларни ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш мақсадида “Ёшлар — Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар ўртасида ташкил этилган учрашув ўзига хос аҳамият касб этди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясини бу йил 462 нафар талаба битиради. Ўтган йили олий таълим муассасасини тамомлаган икки нафарга яқин бакалавр ва магистрни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида юздан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Бу йилги тадбирда ўттиздан ортиқ иш берувчи вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари икки юзга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.

— Бугун юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароитларга ҳавас қилса арзийди. Уларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ушбу тадбирда республикамизнинг энг нуфузли ташкилотлари иш берувчи сифатида иштирок этаётгани фикримиз исботидир. Ёшларни ўзлари қизиққан ва танлаган ихтисосликлари бўйича ишга жойлаштириш муҳим масала ҳисобланади. Сир эмаски, дунё миқёсида ҳам ёшларни ишга жойлаш долзарб масала, аммо юртимизда бу борада тизимли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш ўринлидир, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров. — Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларининг салоҳияти, малакаси юқори бўлиши зарур. Зеро, юртимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказларида аждодларимиз ёзиб қолдирган юз мингдан зиёд қўлёзма, нодир китоблар мавжуд. Уларни ўрганиш, тадқиқ этиш, халқимизга етказиш зарур. Бунинг учун эса билимли, салоҳиятли ёшларга эҳтиёж баланд.

Айни пайтда юртимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилмоқда. Миллий анъаналаримизни ҳурмат қилган, садоқатли, ўз касбига виждонан ёндашадиган, инсонийлик фазилатлари юқори даражада бўлган, билимли ёшлар билангина Учинчи Ренессансни қура оламиз.

Бугунги давр талаблари кечаги кун мезонларидан буткул фарқ қилади. Ҳозир замонавий фикрлайдиган, энг сўнгги янгиликлар билан ҳамнафас яшайдиган, кун сайин дунёқарашини бойитиб борадиган кадрларни тайёрлашга эҳтиёж ошиб бормоқда. Бу жараёнда, айниқса, олий таълим тизими зиммасига катта масъулият юкланади. Ёшларнинг малакали кадр бўлиб шаклланишида олий таълим муассасаларида замонавий методлар ёрдамида берилган таълим ва улар учун яратилган шароитларнинг аҳамияти юқори саналади.

Шу маънода, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, замон талабларига жавоб берадиган, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Бугунги меҳнат ярмаркаси академияда устозларимиз берган сабоқларни амалиётда татбиқ этиб, жамиятимизга керакли кадр бўлиб етишишда муҳим аҳамиятга эга. Таҳсил давомида миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган дарсларда керакли билимларни эгалладик. Ҳар бир семестр якунида умумтаълим мактаблари, давлат ташкилотларида амалиёт ўтадик. Бу давр мобайнида академияда олган назарий билимларимизни амалиётда қўллашга интилдик, — деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчи курс талабаси Азимжон Абдуллаев. — Бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли равишда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ислом ҳуқуқи, ижтимоий ҳаёт ва дин фанлари, диншунослик фанлари ўқитилади. Меҳнат ярмаркаси орқали академияда олган билимларимизни амалиёт қўллаш учун иш ўрнига эга бўламан деб ўйлайман. Бу орқали жамият ривожи, аҳоли орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш ишлари янада жадаллашди. Шу билан бирга дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили, диний-маърифий соҳа фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни талаб этди.

Тадбирда иш берувчи расмий ташкилот вакиллари билан талабалар ўртасида учрашувлар ўтказилди. Ёшлар ўз ихтисосликлари бўйича мавжуд иш ўринлари юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилиб, иш берувчи ташкилот ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди. Ўз навбатида, бу йилги битирувчиларнинг ўз ихтисослиги бўйича нечоғли билим ва кўникмага эгалигини аниқлаш мақсадида иш берувчи ташкилот вакиллари иштирокида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Томонлар ўртасида талабаларни ишга жойлаштириш бўйича мақсадли келишувларга эришилди.