Учрашувда компания асосчиси Моҳд Шукри Осман, ижрочи директори Моҳд Назли Абдул Азиз, директор ўринбосари Зулҳикам Аҳмад, «Alpha Indera» компаниясининг Ўзбекистондаги доимий вакили Далия Алкатирий ҳамда менежерлари Сабрина Фаузан ҳамда Моҳд Аҳмад Заҳид иштирок этди.
Маълумот учун: «Malaysia Airports Holdings» (МАНВ) компаниясига 1991 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирда Малайзиядаги 39 та аэропортни давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқаради (шундан 5 таси - Малайзия халқаро аэропорти ва 1 таси Туркиянинг «Istanbul Sabiha Gokcen International», Қатарнинг «Doha» аэропортлари ва бошқалар). Ҳозирги кунда компания «Малайзия аэропортлари ўқув маркази»ни ташкил этиб, авиация соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тренинглар, ўқув ва амалий курсларини ўтказиш билан ҳам шуғулланиб келяпти.
Мулоқот давомида У.Азамов Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар ва келгусида режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Делегация томонидан Ўзбекистондаги Урганч, Фарғона ва айниқса Бухоро халқаро аэропортларига катта қизиқиш билдирилди ҳамда келгусида ушбу аэропортларни давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга олиш таклифи илгари сурилди. Ўзбекистон томони мазкур аэропортларнинг ҳозирги ҳолати ва улар жойлашган ҳудудлардаги мавжуд имкониятлар ҳамда мамлакатимизда жорий этилган «Умра+” дастури бўйича ушбу аэропортларга хорижий давлатлардан мусулмон олами вакилларини кенг жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда режалар ҳақида маълумот берди. Дастурнинг устунликлари тўғрисида меҳмонларга қисқача маълумот бериш жараёнида Малайзиядан Туркиянинг «Istanbul Sabiha Gokcen International» аэропорти йўналишида амалга ошириладиган авиақатновларни Ўзбекистон орқали транзит қатновига ўзгартириш таклифини ҳам берилди.
Учрашув сўнгида Туризм ва спорт вазирлигининг юқорида қайд этилган таклифларни рўёбга чиқариш ҳамда аэропортларда амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш ва бунга хорижий авиакомпанияларни жалб этишда амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, томонлар кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.