Мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, баркамол шахсни тарбиялаш, жамият маънавиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жамиятимиз маънавий ҳаётида амал қилаётган миллий мафкуранинг бош ғояси, шахс ва миллатнинг озод ҳамда эркин яшаши, Ватан равнақи йўлида улардаги барча имкониятларини рўёбга чиқариш, орзу-интилишларини амалга оширишдек улуғ мақсадлар мужассам. Айни жарёнда ННТлар муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, шарқона яшаш тарзини ғарб мафкуравий андозалари, қадриятлари асосида тафтиш қилиш, нохолис хулосалар чиқаришга сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида шахс ижтимоий фаоллигини жамиятнинг мавжуд ижтимоий, маънавий қадриятларини емирувчи омилига айлантиради. Ушбу муаммонинг социологик, педагогик, сиёсий, маънавий-мафкуравий, ҳуқуқий томони фуқаролик жамияти асосларини шакллантириб бориш, бошқарувнинг кўплаб функциялари давлат тасарруфидан ўзини-ўзи бошқариш органларига ўтиб бориши билан белгиланади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзини ўзи бошқариш органлари сифатида фуқароларнинг турли ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилади. Ташкилотларнинг фаолияти жамиятда, ижтимоий муносабатларда қанчалик юқори даражада бўлса, ННТларда фуқаролар иштироки қанчалар фаоллашса, фуқаролик жамияти тамойиллари шунчалик даражада амал қилади.

Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтишда, фуқаролик жамияти тамойилларининг тобора кўпроқ амал қилишида ННТлар ролининг муҳимлигига аҳамият қаратган ҳолда, давлатимиз, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга жуда катта эътибор бермоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, 2007 йил 3 январдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ва 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.

Мазкур  ҳужжатлардан келиб чиқиб ЎзННТМАга ўз фаолиятини амалга оширишда бир қанча ҳуқуқлар берилган.

Жумладан, аъзоларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ва ҳимоялаш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ушбу соҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритиш, ННТлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг норматив тусдаги қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш. Шунингдек, аъзоларнинг моддий-техник базасини яратиш ва яхшилаш, бу борада давлат органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатиш, мақсадли дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда давлат идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, жойларда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари ва марказларини очиш, чет эл инвестициялари, грантларидан фойдаланиш, биргаликдаги лойиҳаларда қатнашиш, маданий-маърифий йўналишларда анжуман ва тадбирлар, шунингдек, кўрик танловлар ҳамда кўргазмалар ўтказишдан иборат.

ЎзННТМА ННТларнинг умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатда нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий фаол ННТларни “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тавсиянома бериш билан чекланиб қолмай, вилоят, туман, қишлоқ ва овулларда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ЎзННТМА томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 361 та тадбирлар ўтказилди, шулардан, 156 таси давра суҳбатлари, 77 таси семинар
ва 128 таси учрашувларни ташкил этди. Шунингдек, ЎзННТМАга аъзо бўлган ННТларнинг 496 таси давлат грант танловларида  иштирок этиб, улардан 227 таси маҳаллий ва 19 таси халқаро грант соҳиби бўлди.   

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ижтимоий ҳаётимизнинг ҳамма жабҳаларида кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш билан бирга, ҳудудларга амалий ёрдам, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, фуқораларга ўз келажагини яратишда яқинда кўмак бериб келаётгани билан аҳамиятлидир.

Нормурод Шодмонов,

 Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси,

ННТ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи