Зотан, бундан беш йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилинган мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг сурату сийратини ҳам, халқимизнинг турмуш тарзини ҳам, тафаккуримизни ҳам ўзгартирганини, юксалтирганини бугун халқаро жамоатчилик, сиёсатчилар, эксперт ва мутахассислар кенг эътироф этишмоқда.
Куни кеча Президентимиз фармонига мувофиқ тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури халқимизнинг обод манзиллар сари дадил илдамлашига қудрат берадиган ҳужжат бўлди.
Сўзларимизни муболағага йўймаслигингиз учун айтай: стратегияда келгусида амалга ошириладиган ишларнинг соҳаси, тармоғи, уларнинг қачон, ким ёки қайси ташкилот томонидан бажарилиши, механизмлари, жалб қилинадиган маблағи, пировард натижалари аниқ, лўнда белгилаб берилганки, улар Ўзбекистоннинг порлоқ келажагини тасаввуримизда яхлит жонлантиради, эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамлайди.
Стратегияда жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил этган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Ҳужжатга халқнинг ўзи ҳаммуаллиф бўлди. Яъни унинг лойиҳаси 17 кун давомида юртдошларимиз муҳокамасидан ўтказилди. Бунда элимизга барча шарт-шароит яратиб берилдики, ҳужжатнинг ҳар бир банди бўйича ўз фикрини билдириш, таклифлар киритиш имконига эга бўлди. Қисқача айтганда, стратегия ижтимоий экспертизадан ўтказилди. Ушбу муҳокамаларда халқимиз, шу билан бирга, соҳа экспертлари ва мутахассислари янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ниҳоятда муҳим эканини, у нафақат мамлакатимизнинг беш йиллик ривожланиш йўли ва йўналишлари, балки ундан кейинги равнақи учун ҳам стратегик аҳамият касб этишини қайд қилишди. Билдирилган 17 мингдан ортиқ фикр-мулоҳазанинг ҳеч бири эътибордан четда қолмади. Пировардида концептуал таклифлардан стратегияни такомиллаштиришда фойдаланилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор чора-тадбирлар алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Уларда эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Ҳаракатлар стратегиясидан — тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, “Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият” концепциясини амалга ошириш кўрсатилган.
Аҳоли ўртасида ҳуқуқий маърифий тадбирлар халқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилинади. Тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчан, креатив ва инновацион услубларда олиб борилади.
Ахборот технологиялари жадал тараққий этаётган, барча соҳада глобаллашув кучайган бугунги кунда инсон онгу қалбини турли таҳдид ва хатарлардан ҳимоя қилиш янада долзарблашиб бормоқда. Ушбу таҳликали ва мураккаб замонда асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларимиз, халқимизнинг ўлмас маънавий мероси бизга таянч ҳамда суянчдир.
Шу ўринда бир нарсага аҳамият беринг: Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури Президентимиз фармони билан тасдиқланиб, эълон қилингач, ҳеч қанча вақт ўтмасдан, 2 февраль куни яна бир муҳим ҳужжат имзоланди. “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор давлатимиз раҳбари томонидан маънавият, маданият, санъат соҳаларига жиддий эътибор қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Бу халқимиз узоқ вақтдан бери кутган ҳужжат. Чунки, унда санъаткорларнинг кўнглидаги, орзусидаги кенг кўламли ишларни амалга ошириш назарда тутилган. Кейинги вақтларда томошабинлар, санъат ихлосмандлари билан маданият, санъат соҳаси вакилларининг орасидаги кўприк маълум даражада узилиб қолгандек эди.
Қарор анъана ва қадриятларимиз билан биргаликда миллий оҳангларимизни ҳам халқимизга, бутун дунёга кенг тарғиб қилишга қаратилган бандлари билан ғоят аҳамиятли. Шунингдек, ушбу ҳужжат санъатимиз ва маданиятимизнинг юртимизда, қолаверса, жумлаи жаҳонда нуфузини, ўрнини кўрсатиб берадиган ва ўзининг мавқеини қайта тиклашига ечим бўла оладиган қарор сифатида қабул қилинди.
Юқорида асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларимиз, халқимизнинг ўлмас маънавий мероси бизга таянч ҳамда суянч эканини таъкидладик.
Стратегияга асосан, мамлакатимиз тараққиётининг келгуси беш йиллигида ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашга эътибор янада кучаяди.
Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишга устувор аҳамият қаратилади.
Ҳужжатда “маҳалла—туман—вилоят—республика” тамойили асосида ҳудудлар кесимида ижтимоий-маънавий муҳитни оптималлаштириш харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш белгиланган.
Ҳар қандай муаммога илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, тадқиқ этиш орқали самарали ечимлар топиш мумкин. Давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий соҳада ҳам жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда тўғри йўлни танлашимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаб келади.
Стратегияда ҳам мана шу ёндашувга устувор эътибор қаратилган. Унга мувофиқ, юртимизда маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш, мактабларни чинакам маънавият ва маърифат, маданият ўчоғига айлантириш учун таълим-тарбиянинг интерактив усулларини қўллаш назарда тутилган.
Ёшлар — ҳар қандай мамлакатнинг эртаси, куч-қудрати, суянган тоғи. Улар ҳар томонлама баркамол, жисмонан бақувват, руҳан ва маънан соғлом, билимли, юксак тафаккурли бўлиб улғайса, эл-юртнинг ҳам келажаги ёруғ, барқарор ва фаровон бўлади.
Шу нуқтаи назардан ҳужжатда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида урғу берилган. Жумладан, бугунги қалтис даврда мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш кўникмасини шакллантириш аниқ мақсад қилиб белгиланган.
“Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори остида “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғоясининг рўёбга чиқарилиши таъминланади. Давлатимиз раҳбари фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ ижодкор зиёлиларга ҳамда китобхонлик тарғиботига катта ғамхўрлик кўрсатаётгани бежиз эмас. Зеро, китоб ақл машъали, беқиёс маънавий мўъжиза бўлиш билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, билим ва дунёқарашини бойитишда асосий воситалардан биридир.
Стратегик ҳужжатда ҳам аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгилангани шу жиҳатдан уни ғоят аҳамиятли ҳамда янада жозибали кўрсатади.
Стратегияда буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш алоҳида мақсад сифатида белгиланган. ИҲТ, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ЮНЕСКО каби дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этиш қайд этилган.
Шу билан бирга, келгуси йилларда буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб 100 та асарнинг халқчил таржимаси амалга оширилади, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратилади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятининг қўллаб-қувватланиши жаҳон тамаддунига сезиларли ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.
Ҳужжатда маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш, маданият муассасалари ва объектларининг моддий-техник базасини яхшилашга урғу берилган. Шу билан бирга, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, соҳада фаолият юритаётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш кўзда тутилган.
Келгуси беш йилликда театр ва цирк санъатларига эътибор янада кучайиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Маданият марказлари фаолияти такомиллаштирилиб, улар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифати оширилади.
Ҳудудларда янги маданият объектлари барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, миллий маданиятни халқаро даражада оммалаштиришга қаратилган тадбирларни ҳудудларда ўтказишга эътибор кучаяди.
Ўзбек халқи маданияти ва санъатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган атоқли ижодкор зиёлилар юбилейларини муносиб нишонлаш, ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштиришга аҳамият қаратилиши маънавий-маданий муҳитни янада барқарорлаштиришга, юксалтиришга хизмат қилади.
Стратегияда жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида кино санъатини янада равнақ топтириш масаласи ҳам бор. Жумладан, кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, миллий мультипликация индустриясини шакллантириш белгиланган.
Кино саноатининг иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида тараққий эттирилиши, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базасига эга инфратузилма ҳозирланиши, соҳада кадрлар тайёрлаш, ижодкорлар ва техник ходимлар малакасини оширишнинг самарали тизими ҳаётга татбиқ этилиши халқимиз кутган, бадиий савияси юксак фильмлар яратилишига сабаб бўлади.
Хуллас, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида барча соҳа қатори юртимизнинг маданий-маънавий ривожланиши, бу борада дунёга бўйлашишини таъминлайдиган кенг кўламли чора-тадбирлар, эзгу мақсадлар белгиланганки, улар яқин келажакда мамлакатимиз истиқболининг нурли маёғига айланиши, шубҳасиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, маънавият жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади.
“Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори эса тараққиёт стратегиясида назарда тутилган мақсадларга эришишни жадаллаштиришга, вазифалар ижросини юксак поғонага кўтаришга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида инқилобий бурилиш ясайди.
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири