Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев бошчилигидаги олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлар мазкур форумда қатнашмоқда.
Мазкур хизмат сафари давомида делегация аъзолари хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Япониянинг бир қатор университетлари вакиллари билан учрашдилар, хорижий ҳамкорлар билан амалий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон миллий университети Япониянинг Соко, Кюсю, Текё, Каназава каби бир қатор университетлари билан ҳамкорлик олиб бормоқда. Жумладан, Осака университети профессори Катцухиро Накамуро ва Кюсю университети професссори Кохеи Торикаи кимё факультетида ўриндошлик асосида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Япониянинг JDS дастури доирасида ЎзМУнинг 12 нафар талабаси Япония университетларида магистратура мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.
Мазкур форумда ЎзМУ ректори Иномжон Мажидов Япониянинг етакчи университетларидан Соко университети, София университети, Нанзан университети ректорлари ва вакиллари билан учрашиб, университетлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, асосан, талабалар академик мобиллигини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларни ўқув жараёнига таклиф қилиш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларда иштирок этиш, нуфузли журналларда ҳаммуаллифликда мақола нашр қилиш каби бир қатор масалаларни ҳал этиш борасида музокара олиб борди.
ЎзМУ ва Соко университети ўртасида 2019 йили ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур учрашувда ҳамкорликни фаоллаштириш борасида ҳам фикр алмашилди. Хусусан, қўшма лойиҳалар, академик ва илмий дастурларни йўлга қўйиш, қисқа муддатли стажировка ўташ, маъруза ўқиш, семинар, маҳорат дарсларини ўтказиш бўйича ҳам таклифлар кўриб чиқилди.
Университетларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таълим тизимини янада ривожланишига, хорижнинг илғор инновацион ёндашувларини амалиётга татбиқ этишга ва ўзаро тажриба алмашиш учун янги имкониятлар очилишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг халқаро таълим бозорида ўз ўрнини эгаллашига йўл очади.
Раима ШИРИНОВА,
Ўзбекистон миллий университетининг
халқаро алоқалар бўйича проректори