Тадбирда 50 дан ортиқ BPO соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар ва Ирвин шаҳри мери Фарра Хан ҳамда Ирвин Савдо-саноат палатаси президенти Браян Стар бошчилигидаги давлат органлари вакиллари иштирок этди.
АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистондаги янги аутсорсинг бозори салоҳияти ҳақида сўз юритар экан, мамлакатимизда мавжуд зарур шарт-шароитлар, жумладан, халқаро талабларга мос қонунчилик, ёш истеъдодларнинг кўплиги, зарур замонавий инфратузилма, солиқ ва божхона имтиёзлари таъминланганлиги ҳамда IT соҳасида таълим йўлга қўйилганлигига урғу берди. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонни аутсорсинг соҳасидаги ҳамкорлик учун энг жозибадор давлатга айлантиради.
Шунингдек, IT Park резиденти «RevoTech» компанияси томонидан «LoadStop» номли стартапга сармоя киритилганлиги алоҳида қайд этилди. Таъкидлаш жоиз, қиймати 50 миллион доллардан юқори баҳоланган стартап транспортни бошқаришнинг инновацион тизимини кўзда тутади. Компания эса унинг ҳаммуассиси ҳисобланади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Access Capital Management Corp» ўртасида IT ва BPO соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланиши ва қўшма корпорация ташкил этилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бўлажак корпорация 3 йил ичида 1 100 та иш ўрни яратилиши ҳамда АҚШ ва Ўзбекистонда юридик шахс тадбиркорлик субъектлари очилишини назарда тутади. Янги корпорация миқёсида суғурта, факторинг, QA (сифат назорати) ва мультимедия каби йўналишлар бўйича бизнес-жараёнларни аутсорсинг фаолиятини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилганлиги қайд этилди.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг Америка компаниялари иштирокида B2B форматидаги учрашувлар ўтказилди. Унда IT Park резиденти мақомини олиш тартиби ва резидентларга тақдим этиладиган имтиёзлар муҳокама этилди. Ўзбекистонда BPO соҳаси ривожи билан шуғулланувчи уюшма ташкил этиш, шунингдек, «ICT WEEK Uzbekistan 2022» доирасида тадбирларни ташкиллаштириш масалалари ҳам иштирокчилар эътибор марказида бўлди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.