1995 йил 21 июнда Тошкент шаҳрида “Ташселмаш” спорт клуби негизида житкундо спорт-соғломлаштириш маркази расман очилди. Кейинчалик Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Фарғона, Шаҳрисабз шаҳарларида марказ бўлимлари очилди. 2006 йилда Житкундо федерацияси Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган. Шундан бери терма жамоамиз ажойиб натижалар билан жаҳон аренасининг етакчиларидан бири бўлиб келмоқда.

Айни дамда спортчиларимиз ҳисобида жаҳон чемпионатининг 30 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медали мавжуд. қолаверса, жеткундочиларимиз Осиё чемпионатининг 15 та олтин, 3 та кумуш медали, 2 та Осиё кубоги, Европа очиқ чемпионатининг 1 та олтин медали ҳамда турли халқаро турнирларнинг 100 дан ортиқ олтин медалини қўлга киритган.

2021 йили беш ташаббус доирасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 240-мактабда житкундо спорти тўгараги ташкил қилинди. Ҳозир унда мактаб ўқувчилари ва маҳалла болаларидан иборат 20 нафардан зиёд ўғил-қиз шуғулланмоқда. Мактабдаги спорт тадбирларини ташкил этишда педагогик жамоа яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Бугунга қадар тўгаракда 10 дан ортиқ республика миқёсидаги ва халқаро турнирлар чемпионлари, 15 дан ортиқ шаҳар чемпионлари тайёрланди. Жумладан, бу йил житкундо бўйича катталар, болалар ва ўсмирлар ўртасида “Жар” спорт мажмуасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида спортчиларимиз — бошланғич синф ўқувчилари Фарзона Мансурова ҳамда Хадича Шарипова 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, жорий йилнинг март ойида ўтказилган Тошкент шаҳар чемпионатида ҳам спортчиларимиз фаол қатнашиб, 3 та биринчи, 4 та иккинчи, 7 та учинчи ӯринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида вакилларимиз 2-ўринга муносиб кўрилди.

Май ойида “Олимп” спорт клубида житкундо бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақада 17 нафар спортчимиз фаол қатнашиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Октябрда Пискент шаҳрида ташкил этилган Тошкент вилояти чемпионатида 6 нафар спортчимиз иштирок этиб, 1-ўрин соҳиби бўлди. Бу ютуқларимизнинг бошланиши, олдимизда ҳали забт этилмаган катта марралар турибди. Мақсадимиз, энг аввало, спортга, хусусан, житкундога қизиқтириш орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва қарор топтириш, баркамол, маданиятли, маънавиятли, соғлом авлодни тарбиялашдир.

Даврон АБДУЛҲАФИЗОВ,

Юнусобод туманидаги 240-мактабнинг

жисмоний тарбия ӯқитувчиси

Камолхон ИМОМОВ,

Тошкент шаҳар житкундо федерацияси раиси