Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи чорагида «Shaffof-moliya» ва «Tezcoin» микромолия ташкилотлари ҳамда «Uzum bank»да ўтказилган текширувлар давомида қонунчилик талабларининг бир қатор бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, микромолия ташкилотларида микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя этилмаган, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилган, микроқарз шартномаларида қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаган ҳамда мижозларнинг кредит тарихи маълумотлари белгиланган муддатларда кредит бюроларига тақдим этилмаган.
«Uzum bank»да эса расмий веб-сайтда истеъмолчилар учун тақдим этилиши лозим бўлган ахборотнинг минимал ҳажмига оид талаблар бажарилмаган, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига амал қилинмаган, кредит тарихи маълумотлари кредит бюроларига кечиктириб юборилган ҳамда истеъмолчилар билан тузилган шартномаларда қонунчиликда белгиланган талаблар тўлиқ акс эттирилмаган.
Аниқланган қоидабузарликлар хусусияти ва кўлами инобатга олиниб, Марказий банк томонидан «Shaffof-moliya» микромолия ташкилотига 201 миллион сўм, «Tezcoin» микромолия ташкилотига 156 миллион сўм, «Uzum bank»ка эса 215,5 миллион сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди.
Шунингдек, «Ipoteka-bank» фаолияти юзасидан келиб тушган истеъмолчилар мурожаатлари ўрганилди. Текширувлар давомида кредит қарздорликлари учун маблағлар қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олингани, шартномада назарда тутилмаган бўлса-да маблағлар акцептсиз (розиликсиз) ечилгани, гаров реестрига оид ёзувлар белгиланган муддатдан кеч чиқарилгани ҳамда шартномаларни расмийлаштиришда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.
Ушбу қоидабузарликлар учун «Ipoteka-bank»ка нисбатан 105 миллион сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида «сирли мижоз» усулида назорат тадбирлари ўтказилди. Уларда истеъмолчилар билан муносабатларни ташкил этишда ошкоралик, шаффофлик ҳамда ахборотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмагани қайд этилди.
Натижада қоидабузарликларнинг хусусияти, кўлами ва давомийлиги ҳисобга олиниб, 14 та тижорат банкига нисбатан жами 681,5 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Жумладан, «Agrobank»ка 255 миллион сўм, «O‘zsanoatqurilishbank»ка эса 119,5 миллион сўм жарима белгиланди.