Мутасаддиларнинг саъй ҳаракатлари билан ҳайрли ишга қўл урилди. Қишлоқда мўжазгина мактабгача таълим ташкилотининг иш бошлаши 130 хонадонли қишлоқ аҳлининг чинақам қувончига айланди.
Авваллари қишлоқ болалари қўни-қўшнилар ва маҳалладошларнинг шахсий транспорт воситасида бир неча ўн километрлаб масофага боғчага қатнаган. Қамров кўрсаткичи эса жуда паст эди. Замонавий муассасанинг иш бошлаши қишлоқ оналарининг ҳузур халовати, фарзандлари келажагининг остонасига айланди.
Қишлоқ аҳли учун ҳудуднинг марказдан узоқлиги сабаб бошқа масалаларда ҳам қийинчиликларга дуч келиши табиий. Ёзёвон туман Давлат хизматлари маркази янги бўстонликларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида янги очилган муассасага болаларни навбатга қўйиш жараёнини боғчанинг ўзида сайёр тартибда амалга оширди. Мобил хизматлар давомида 50 дан ортиқ болажонларга МТТ га бориш учун йўлланмалар берилди.
— Қишлоғимиз марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жараёнларида посёлка сифатида ташкил этилган. Хозирда бу ерда 350 дан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади, — дейди қишлоқ фаоли Ҳилола Нишонова. — Хурсанд бўлганимиз — МТТ очилиши билан йўлимизни яқин қилиб туман Давлат хизматлари маркази ходимлари сайёр тартибда, болажонларимизга йўлланмаларни шакллантириб беришди.
Сайёр хизматлар давомида болаларни боғчага жойлаштиришга йўлланмалар берилиши билан бир қаторда, кадастр, коммунал соҳалар бўйича ҳам ҳуқуқий тушунчалар берилди. Аҳолига давлат хизматлари соҳасидаги янгиликлар ва яратилаётган имтиёзлар ҳақида айтиб ўтилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, туман миқёсида жорий йил 6 ойи давомида аҳолига 1 минг 200 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилган, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.