2021 йил 12 октябрда Нур-Султон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Марказий Осиё – Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши» (КАМҲК) шаклидаги биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Баҳрайн ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда КАМҲК бош котиби Наиф ал-Ҳажраф иштирок этди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан КАМҲК Бош котибияти ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар механизми бўйича Англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳужжат икки томонлама алоқаларни янада кенгайтиришга ҳисса қўшади ва томонларни қизиқтирган масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ташкил этишни кўзда тутади.