Мазкур нуфузли мусобақа сабля йўналишидаги жамоавий баҳслар билан ўз ниҳоясига етди.

Чемпионат юқори савияда ташкил этилган бўлиб, унда иштирок этган ёш спортчилар ўзларининг жисмоний ва техник тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ҳамда ғалабага бўлган интилиши билан ажралиб турдилар. Беллашувлар кескин ва рақобатбардош тарзда ўтиб, ҳудудлар ўртасидаги спорт рақобатининг юксак даражада эканини намоён этди.

Ўғил болалар ўртасидаги жамоавий баҳсларда Тошкент 1 жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Жамоа таркибида Азимов Даврон, Акрамжонов Зафарбек, Ниезов Муҳаммадризо ва Усмонов Асланбек муносиб иштирок этди. Қорақалпоғистон 3 жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўринлар Қорақалпоғистон 1 ҳамда Қозоғистон 1 жамоалари қўлга киритди.

Қиз болалар жамоалари ўртасидаги жамоавий баҳсларда эса Тошкент 2 жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, чемпионат ғолиби бўлди. Жамоа сафида Абдужабарова Солиҳа, Абдунабиева Сабина, Макарова София ва Мирзаева Лола иштирок этди. Қорақалпоғистон 2 жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринлар Қорақалпоғистон 3 ҳамда Тошкент 3 жамоаларига насиб этди.

Ушбу чемпионат ёш қиличбозларнинг маҳорати ва салоҳияти йил сайин ошиб бораётганини, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги соғлом рақобат юқори савияда кечаётганини яна бир бор тасдиқлади. Бундай мусобақалар ёш спортчиларни келгусидаги халқаро мусобақаларга тайёрлаш, уларнинг тажрибасини бойитиш ҳамда спорт маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионати ёш қиличбозлар учун муҳим спорт тадбири сифатида юқори даражада ўтказилди. Спортчиларимизга келгусидаги мусобақаларда ҳам муваффақият, юқори натижалар ва янги ғалабалар тилаймиз.

 

Зулхумор Акбарова