Бугун Ўзбекистонда сиёсий-иқтисодий жабҳалар билан бирга, маънавий-маърифий соҳаларда ҳам туб ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бу жараёнда жаҳон илм-фан ривожига бетимсол ҳисса қўшган аллома боболаримиз ҳаёти, ибратли фаолияти, тарихий меросини кенг ва атрофлича ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Президентининг йўллаган мактубини Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.
Тинчликпарвар ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида кенг ва яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш йўналишида кенг халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш масаласи мамлакатимиз етакчиси томонидан ҳаётга жорий этилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар, элпарвар, маърифатпарвар ташаббусларда доим устувор аҳамият касб этган.
Шу билан бирга, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Маълумки, азалдан Марказий Осиё башарият цивилизациясининг муҳим ва узвий қисмларидан бири саналган. Илм-маърифатнинг бешиги саналган табаррук заминимиздан етишиб чиққан буюк зотлар, беназир саркарда боболаримиз, алломалар инсониятни эзгуликка, поклик ва бунёдкорлик сари ундовчи ғоялари қадимий давлатчилик жамиятининг асоси саналган.
Бугунги илм-фанга, тараққиётга асос бўлган улуғ мутафаккир аждодларимизнинг мероси тубсиз уммонга ўхшайди. У ҳали ҳамон инсониятнинг катта қизиқиши, иштиёқи, эътибори, юксак эҳтиромига сазовор бўлиб келаётгани жаҳон академик доираларнинг мамлакатимиз илмий-маърифий салоҳиятига бўлган қизиқишида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган ушбу халқаро форум ишида дунёнинг кўплаб давлатларидан келган олимлар, экспертлар, шарқшунос ва манбашунослар, тарихчилар иштирок этмоқда.