Унинг таркибий қисмларидан бири Европа Иттифоқига аъзо давлатлар (лойиҳа ҳамкорлари) томонидан учинчи мамлакатларга топширилган қайтариш масалалари бўйича умумий алоқа офицерлари тармоғини яратишдир.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармасида Польша Республикаси Чегара хизмати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтган. Унда мамлакатимизнинг Польшадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Бобоев ҳам қатнашган.

Учрашув тафсилотлари ҳақида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, делегация раҳбари Анджей Якубашек Марказий Осиёдаги EURLO лойиҳаси доирасида фуқароларни қайтариш бўйича алоқа офицери Эдита Скибиньскани ўзбекистонлик ҳамкорларига таништириб, ушбу лойиҳа Польша Чегара хизмати ходимининг Ўзбекистон ҳудудида Европа алоқа офицери сифатида фуқароларни қайтариш масалалари бўйича 1 йил муддатда амалга оширилиши режалаштирилганини билдирган.

Шунингдек, учрашув давомида Польша ва Ўзбекистон ваколатли органлари мутахассислари Марказий Осиёда алоқа офицерининг вазифа ва мажбуриятларини атрофлича муҳокама қилган.

Бунда Марказий Осиё давлатлари миграция хизматларининг ноқонуний миграцияга қарши курашиш салоҳиятини ривожлантириш учун эҳтиёжларни аниқлаш, Польша ва бошқа Европа мамлакатларига ишчи ташрифлар ташкил қилиш, минтақада миграция хизматлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг тегишли идоралари ва халқаро ташкилотларнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари (ЕURLO лойиҳаси ҳамкорлари) ҳудудидан қайтариш (ихтиёрий ёки мажбурий) соҳасидаги тегишли хизматлари билан ҳамкорлик қилиш, белгиланган давлатлар миграция хизматлари орқали ҳужжатлар ҳақиқийлиги тасдиқлангандан кейин, ЕURLO лойиҳа ҳамкори томонидан қўллаб-қувватлаш, ЕURLO лойиҳаси ҳамкорларини, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан реадмиссия қилиш тўғрисидаги икки томонлама шартномаларни тузиш бўйича музокара олиб бориш каби масалалар эътиборда бўлди.

Икки давлат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари белгилаб олинди.

Маълумот учун айтиш керак, EURLO лойиҳаси Бельгия Иммиграция идораси ташаббуси билан амалга оширилган. Унинг таркибий қисмларидан бири Европа Иттифоқига аъзо давлатлар (лойиҳа ҳамкорлари) томонидан учинчи мамлакатларга топширилган қайтариш масалалари бўйича умумий алоқа офицерлари тармоғини яратишдир. Лойиҳа иштирокчилари миграция бошқаруви соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик амалга ошириладиган мамлакатларда хизмат қилувчи ЕURLO алоқа офицерлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга. Алоқа офицери лавозимида хизмат қилувчи шахслар Европа Иттифоқига аъзо бўлган давлатлардан вазифаларни бажаришга ваколат олади ва Швеция, Нидерландия, Бельгия, Норвегия, Финляндия ва Польша каби давлатлар лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади.