Sky Sports хабарига кўра, “Реал Мадрид” Мбаппе билан шартнома имзолай олмаса, “Манчестер Сити” ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Хулиан Альваресни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқади.

“Реал” раҳбарияти Мбаппени қўлга кирита олишига ишонмаяпти. Франциялик ҳужумчи ПСЖ билан шартномани узайтириши мумкин. Бундан ташқари, келаси ёзда “Ливерпуль” Мбаппени олишга бор имкониятини сарфлайди. Эслатиб ўтамиз, Мбаппенинг Париж клуби билан тузган шартномаси келаси йилнинг ёзида якунланади. 

Хулиан Альварес эса ўтган мавсум “Ман Сити” таркибида барча мусобақаларда 49 та учрашувда майдонга тушиб, 17 та гол уришга эришган. Унинг Трансфермаркт порталидаги нархи 50 миллион евро.

23 ёшли жаҳон чемпионининг “шаҳарликлар” билан шартномаси 2028 йилнинг ярмигача тузилган. Хулиан Альварес ички рақобатда Эрлинг Холандга имкониятни бой беряпти. Шу боис, Альварес “Реал” таклифини қабул қилиш эҳтимоли катта.