Салкам 2 гектар ер майдонида қурилган мазкур фабриканинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1000 дан ортиқ, лойиҳа қиймати эса амалда 3,5 миллион долларни ташкил этади. Ички бозорга сотиш ҳамда қўшни давлатларга экспортни амалга ошириш ишлари режа қилинган. Шунингдек, жорий йилда корхона томонидан бюджетга 1,9 миллиард сўм солиқ ва бошқа йиғимлар тушиши кутилмоқда.

Расмий манбаларга таяниб хабар қилинганидек, Тошкент вилоятида 397 та мебелсозлик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб, улар томонидан асосан ёғоч, пластмасса, темир ва қамишдан, новдадан, бамбукдан, ёки шу каби материаллардан тайёрланган мебел маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда мебел саноатида 1,5 мингдан ортиқ киши банд қилинган.

Вилоятдаги мебел ишлаб чиқарувчи экспортёрлар томонидан 36 хил маҳсулот дунёнинг 7 та давлатига сотилмоқда. Экспорт географияси янада кенгайиб, Германия ва Нидерландия давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йилда 35 та корхона томонидан 1,7 млн. доллар экспорт амалга оширилиб, 2020 йилга нисбатан 154,5 фоизга бажарилди. Яъни, мебел экспортининг асосий улуши Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Зангиота, Тошкент туманларига тўғри келмоқда.

2022 йил инвестиция дастури доирасида мебелсозлик саноати йўналиши бўйича умумий қиймати 604,5 млрд. сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштириши, натижада 881 нафар янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган. Шунга яраша, экспорт ҳажмларини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини босқичма-босқич кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда.