Жумладан, мамлакатимизда ҳам барча таълим муассасаларида онлайн ўқитиш ишлари йўлга қўйилди. Давлат ва нодавлат идоралар фаолиятига масофадан ёки уйда туриб ишлаш тизими жорий этилди. Бугунги вазиятни холис нигоҳ билан кузатадиган бўлсак, бу ҳолат деярли иш сифатига таъсир этаётгани йўқ. Аксинча, баъзи идораларда иш жараёни янада ривожланиб, ходимларнинг мажлисбозлик, қоғозбозлик ва бошқа беҳуда юмушларга сарф бўладиган вақтлари тежалаётгани, иш сифати эса ошаётгани бу тизим ўзини оқлаётганини кўрсатади. Демак, келажакда ушбу тизимда ишни ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатларини янада ривожлантириш зарур.

Сир эмас, карантин шароитида бу йўналишда ходимлар ҳуқуқлари ҳамда иш берувчилар манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш, айниқса, масофавий иш усули шароитида меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича ҳуқуқий асослар етарли эмаслиги  маълум бўлди. Айни пайтда Меҳнат кодексининг янги таҳририни кўриб чиқиш  жараёнида қонунчилигимиздаги ана шундай камчиликларни аниқлаш ва бўшлиқларни тўлдириш долзарб вазифага айланди.

Масофавий иш усули қачон пайдо бўлган?

Бу тушунча америкалик Жек Ниллес томонидан киритилган бўлиб, 1972 йилда у замонавий алоқа воситалари ходимлар билан масофадан туриб алоқа қилиш имконини бераётгани сабабли офисда ишчиларни ушлаб туриш шарт эмас, деган фикрни билдиради. Ўз ғояларини амалда синаб кўриш учун Жанубий Калифорния университетида тажриба ўтказди ва унинг асосида тайёрлаган ҳисоботи бўйича ғоясини ривожлантириш мақсадида Aмерика миллий илмий жамғармасидан маблағ олади.

Расмий идоралар масофадан туриб ишлаш таклифини янада мукаммал ишлаб чиқишга қизиқиш билдирдилар. Чунки бу орқали шаҳарларда мавжуд бўлган транспорт муаммоларини ҳал қилиш мумкин эди. Шунингдек, тизим бир вақтнинг ўзида чекка қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашга ҳам имкон берарди.

Жек Ниллеснинг иши 1979 йилда AҚШнинг Иқтисодий ривожланиш бўйича махсус қўмитаси раҳбари Франк Скифф эътиборини тортади. У олимнинг ғояларини давом эттирган ҳолда янги “мослашувчан иш усули” атамасини ўйлаб топади. “The Washington Post” газетасида мутахассиснинг “Уйда ишлаш бензинни тежашга қодир” сарлавҳали мақоласи чоп этилади ва катта муваффақият қозонади.

Европа Иттифоқи давлатларида масофавий иш усули аллақачон амалиётга татбиқ этилган бўлиб, юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатлар  миллий ва халқаро қонунчилик  асосида ҳал этилади.

Россия ҳукумати 2013 йилдан масофадан ишлаш усулини тартибга солишни таъминлай бошлади. Россия меҳнат кодексига кўра, масофавий иш тартибида меҳнат шартномаси қоғоз шаклида тузилиши шарт эмас, бунда шартнома электрон имзо ёрдамида имзоланиши мумкин. Агар шартнома ёзма равишда тузилиши талаб этилса, унда ҳужжатлар махсус почта орқали юборилади.

Ўзбекистонда масофавий иш усули қонуний тартибга солинганми?

Мамлакатимиздаги амалдаги Меҳнат кодексида ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда масофавий иш усули назарда тутилмаган. Ҳозирги шароитда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 28 мартдаги буйруғига асосан тасдиқланган Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ масофавий иш услуби билан боғлиқ муносабатлар қисман тартибга солинмоқда. 

Ушбу низомда белгиланишича, масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини ҳисобга олган ҳолда у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди. Меҳнат кодексининг 124-моддасига биноан, иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлаш жараёни ходимнинг аввалдан олинган ёзма розилиги ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган асослар бўйича ва иш берувчининг аввалдан қабул қилинган тегишли буйруғига мувофиқ амалга оширилади.Демак, масофавий ишда ҳам шундай тартиб жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Масофавий ишга, мослашувчан ва уйдаги ишларга ўтказиш тадбирларини белгилаш орқали карантин даврида аҳолини хавфли юқумли касалликдан  ҳимоялаш учун қўшимча имконият яратилди. Бироқ туманлар миқёсида кўп сонли ходимларга эга бўлган ташкилотларнинг қуйи тизимларида ходимларни масофавий иш, мослашувчан ва уйдаги ишларга ўтказишда ва, умуман, уларнинг меҳнатини ташкил этишда муаммолар борлигини ҳам тан олиш лозим.

Жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимлари мисолида оладиган бўлсак, ушбу ташкилотларда ёрдамчи тарбиячи, хизматчи, ошпаз, фаррош, ҳайдовчи, комендант, боғбон, кассир каби масофавий иш фаолияти татбиқ этиш мумкин бўлмаган қатор ходимлар тоифаси бор. Уларнинг йиллик асосий меҳнат таътиллари ҳам аксарият ҳолларда 18 иш куни этиб белгиланган. Шу боис, улар бу имкониятдан  аллақачон фойдаланиб, қолган кунлар учун ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлишди. Ваҳоланки, кўпинча моддий таъминотга, энг аввало, шундай касбдагилар кўпроқ муҳтож бўлади.

Албатта, қабул қилинган низомда аҳолининг турли тоифаларини ижтимоий муҳофазалаш бўйича қатор қулайликлар ҳам бор. Шу билан бирга,иш берувчи ва ходимлар ўртасида карантин шароитида келиб чиқиши мумкин бўлган барча муносабатларни ушбу битта низом асосида тўла тартибга солишнинг имкони йўқ.

            Қандай вазифаларни ҳал этиш лозим

Фикримизча, масофадан иш юритиш тартибини жорий этишда Меҳнат кодексининг 73-моддасида назарда тутилган шартларга риоя этилиши ва бошқа бир қатор тартиб-тамойилларга амал қилиниши лозим. Жумладан, аввало, иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорлик тартиби ишлаб чиқилиши зарур. Ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби яратилиши керак. Иш берувчи ва ходим доимий яқиндан ҳамкорлик қилиши учун ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш ва интернетга кириш имкониятларини яратишга кўмаклашиш  ҳам муҳим.

Бу жараёнда, шунингдек, иш берувчи томонидан ходимга берилган жиҳозлар ва техникалар ходим айби билан бузилганда етказилган зарарни  қоплаш тартиби, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши учун шахсий жиҳозлар ёки техника воситаларидан фойдаланганда бу харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари, бу жараёнда меҳнат муҳофазасига амал қилиниши, зарурат туғилганда ходимни доимий иш жойига қайтариш шартлари ўз ифодасини топган бўлиши лозим.

Хуллас, келгусида меҳнат қонунчилигини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришда масофавий ишни тўғри ташкил этиш долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Меҳнат бозорида бундай янгича муносабатларнинг шаклланиши эса иқтисодий-ижтимоий ва бошқа кўплаб долзарб муаммолар ечимини топиш, ишсизликни бартараф этиш, энг муҳими, ҳар бир инсон ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун қулай имконият яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Анвар РАҲМАТОВ,

Тошкент давлат юридик университети     

     интеллектуал мулк кафедраси ўқитувчиси