Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйида эса меҳрга ташна кўнгиллар яшайди. Ижод аҳли Пойтахтнинг Сеул кўчасида жойлашган 24-уйга тез-тез бориб туришади.

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Маъмура Зоҳидова, Шоди Отамурод ушбу гўшада бўлди.

– Биз сизларга Шароф Бошбеков, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам сингари ижодкорларнинг китобларини совға сифатида олиб келдик, – дейди Сирожиддин Саййид. – Шу манзилу макондан Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом каби улуғ инсонлар чиққан. Мен ўйлайманки, сизнинг сафингиздан ҳам катта ёзувчи-шоирлар чиқади.

Меҳмонлар бу ерда тарбияланаётган йигит-қизларга, маскан кутубхонасига уюшма томонидан чоп этилган, турли номдаги 100 дона китоб, уюшма хўжалигида етиштирилган асал совға қилди.

Ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашилди. Шоирлар ўз шеърларидан, ўғил-қизлар устоз ижодкорлар ижодидан намуналар ўқиди. Фаол ўқувчиларга Сирожиддин Саййид ўзининг “Элдошларим, дилшодларим” китобига қўлхат ёзиб совға қилди.

Бундай самимий суҳбат ва қимматли совғалардан ўқувчию устозлар жуда хурсанд бўлди.

Фозил Фарҳод,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби