3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида республикамизда кенг нишонланиши, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир. Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад бири бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, имконияти чекланганларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир. Ушбу кун муносабати билан жорий йилнинг 26 ноябрь куни Олмазор туманидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 36-сонли ёрдамчи мактаб ўқувчилари учун Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ва Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Меҳрли қўллар меҳр улашмоқда шиори остида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Божхона институтининг бир гуруҳ ташаббускор курсантлари ва ходимлари иштирок этиб, ўқувчиларнинг кўнглини кўтарувчи шеърий ва мусиқали чиқишлари билан иштирок этиб, учрашув байрамона тарзда бўлиб ўтди. Тадбир давомида мактаб ўқувчиларига ўқув қуроллари ва эсдалик совғалари туҳфа этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар, даврага кўтаринки рух ва ўзгача завқ бағишлади. Ушбу тадбирнинг Республика Конституцияси қабул қилинган кун арафасида нишонланиши унга ўзгача маъно ва шуур бағишлайди.
Зеро, бош Қомусимиз бўлмиш Конституциямиз бизнинг барча ҳуқуқларимизнинг кафолати бўлса, Давлат дастури доирасида эса, болаларнинг, шу жумладан, имконияти чекланганлар ижтимоий ҳимояси янада кенгайди ва мустаҳкамланди. Инсонларга меҳр улашиш, уларга бир лаҳзалик шодлик бахш этиш инсонийликнинг олий кўринишидир, шу боисдан барчани бир-бирига меҳрли бўлиши тилакдошимиз.