Ёшлар форуми доирасида ташкил этилган акцияда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, ҳарбий хизматчилар, талаба-ёшлар, давлат хизматчилари, кўнгилли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари донор сифатида иштирок этди. 

Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда жойлашган Республика қон қуйиш марказлари, Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтлари, вилоят марказларидаги тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилди.

Гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган ёшларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш ҳамда ёшларда олижаноблик, бағрикенглик туйғуларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган хайрия тадбирида гепатитга чалинмаган, “Д” рўйхатда турмайдиган соғлом фуқароларнинг донор сифатида иштирок этишлари таъминланди.  

Жойларда карантин билан боғлиқ талаб ва чекловларга қатъий риоя қилинган ҳолда ҳар бир донор акция ўтказилиши куни эрталаб белгиланган тартибда Республика ва вилоят қон қуйиш станцияси мутасаддилари томонидан ҳар бир ходим махсус назорат кўригидан ўтказилиши ҳамда рухсат этилган тақдирда донорликка рўйхатга олиниши эътиборга олинди.   

Жойлардаги акция сўнгида донорлар томонидан “Мeн донорман”, “Эзгулик албатта қайтади” “Ёшлар форуми-2021” шиорларида флешмоблар ташкил қилинди.

Акция давомида топширилган “қон препаратлари” Онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар учун беғараз берилади ҳамда “албумин” дори воситалари ажратилади.

Маълумотларга кўра, хайрия қон топшириш акциясида жами 3 минг 120 нафар кўнгиллилар иштирок этиб, 1 минг 404 литр қон топширишган. 

Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот ва медиа хизмати