Оммавий спорт тадбири Янги Ўзбекистон боғида бўлиб ўтди ва унда мингдан ортиқ куч тузилмалари ходимлари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар иштирок этди.

Анъанага кўра, мусобақанинг биринчи босқичи 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Иккинчи босқич эса май ойида, Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ташкиллаштирилади.

Мусобақа низомига кўра баҳслар куч тузилмалари жамоалари жамоавий ҳамда яккалик йўналишларида ўзаро беллашди. Бундан ташқари ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ҳам ҳам худди шу икки йўналишда ғолиб ва совриндорлар номлари аниқланди. Ҳарбий хизматчилар 3 ва 10 километрлик масофада стартга чиқиб, ҳарбий олий таълим муассасалари шарафини олтита, еттита жамоа эса куч тузилмалари шарафини ҳимоя қилди.

Қизиқарли ва муросасиз ўтган беллашувлар якунига кўра Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кўплаб йўналишларда совриндорлар қаторидан жой олди. Бунинг натижасида эркаклар ўртасида 10 километрга югуриш бўйича барча совринли ўринлар улар томонидан забт этилди.

Шунингдек, қизлар ўртасида ҳам биринчи ўрин Мудофаа вазирлиги шарафини ҳимоя қилган Ҳайитхон Абдуманноповага насиб этди. 3 километрлик ва бошқа бир қатор номинациялар бўйича ўнга яқин совринли ўринлар ҳам айнан Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига тегишли бўлди.