Инсон қадри... Унга нима етсин! Тўғри, бугун менга берилаётган давлат мукофотлари жуда шарафли. Лекин давлатимиз раҳбарининг инсон қадри ҳақидаги сўзлари, аввало, шахсан ўзи инсон қадри қандай бўлиши кераклигини самимий кўрсатиб бераётгани мен учун ниҳоятда азиз. Яратганга беҳисоб шукр, мана, 40-50 йилдан ошдики, эл хизматидаман. Бу эътибор ва рағбат, очиғи, жуда ўзига хос, илгари ҳатто тушимизга ҳам кирмайдиган бахтнинг ўзгинаси бўлди.

 Ўйлаб қарасам, эл-юртга қилинган хизмат, қўшилган ҳисса ҳалол бўлса, ал­батта, самара бераркан. Мен буни такрор ва такрор айтишдан чарчамайман: ота-онамнинг насиҳатию дуоси, тарбиясию мактаби бежиз эмас экан. Демак, улар­нинг қандайдир файзу баракаси бўлган. Мана натижаси. Аслида, эътироф ёки мукофот ҳақида ўйламай туриб ҳалол хизмат қилиш бизнинг асосий вазифамиз ва буни доимо бажонидил бажарамиз. Давлатимиз раҳбарининг ижодимизга берган юксак баҳоси, бундай эътибор­га сазовор бўлиш мен учун қандай ул­кан бахт эканини сўз билан ифодалаш қийин!

Яқинда номим билан юритиладиган янги мусиқа мактаби очилиши, унда ёш истеъдодлар ва ансамбллар фаолият юри­тиши, шунингдек, ўқитувчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида эши­тиб, ҳайратимни яшира олмадим. Рости, бу юксак эътибор тўлиғича давлатимиз раҳбарининг ғояси экани мени лол қол­дирди. Чунки бу зўр ғоя. Худо хоҳласа, у келажак авлоднинг камолотида мустаҳкам илдизлардан бири бўлиб хизмат қилади. Тўғри, менинг номимдаги мусиқа макта­би бўлиши жуда катта шараф. Президен­тимизнинг ўзи бу ташаббуснинг барча бандигача белгилаб берганида жуда чуқур маъно ва анъана мужассам деб биламан. Бу келгусида бошқа мактаблар ҳам ҳавас қиладиган даргоҳга айланади!

Юксак эътибор мени янада илҳомлан­тириб, турли ижодий ғоялар туғилишига сабаб бўляпти. Ёшлар билан ансамбллар тузамизми, дастурлар ва байрамларда қат­нашамизми — буларнинг барчаси менга чексиз илҳом бағишламоқда. Худди ўз вақтида ёзилган “Учқудуқ”, “Шаҳрисабз” каби қўшиқларимиз қаторида бугун бар­по этилаётган янги шаҳарларимиз номи ҳам ижодимизда пайдо бўлса, ажаб эмас. Шоирларимиз ёзса бўлди, қандайдир оҳанглар ўз-ўзидан қалбдан қуйилиб келяпти.

Бугун мен учун мутлақо янги ижодий босқич бошланди. Ҳозирги ғайратим би­лан ҳатто тоғларни талқон қилишга ҳам тайёрман! Кучим етгунча, умримнинг охиригача шу жонажон Ватанимга хизмат қилишга яна бир бор аҳд қилдим ҳамда буни ўзим учун катта шараф, айни пайтда улкан масъулият деб биламан. Бу масъули­ятни бутун онгим, қалбим билан ҳис этиб турибман.

Юртимиз ҳамиша тинч, диёримиз обод бўлсин! Биз, санъаткорлар мана шундай дориламон, яхши кунларда халқимизнинг хизматида бўлишга доимо тайёрмиз.

Фаррух ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон халқ артисти,

“Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби